ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШДА МАҲАЛЛАНИ РОЛИ ОШМОҚДАМИ?

Жамият

Инсон туғилибдики, унинг бевосита ҳаёт тарзи маҳалла билан узвий боғлангандир. Инсоннинг яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам маҳалла доимо унга мададкор бўлиб хизмат қилади. Тан олиш лозимки, фуқаролар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти бевосита маҳалла билан узвий боғлиқдир.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда маҳаллада жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтларини унумли ташкил этиш, нотинч оилалардаги маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириш борасида босқичма босқич қилиниши лозим бўлган амалий ишлар мавжуд.

Биргина, 2021 йилнинг ўзида аксарият маҳалла ҳудудларида қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муаммолар туфайли содир этилган. 18-30 ёшдаги аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2 баравар кўпайган.

Ислоҳотлар самараси сезилмоқдами?

Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, 2021 йилда
2 639 та маҳаллада (28,3 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 3 628 тасида
(39 фоиз) уларнинг содир этилиши ҳолатлари камайган. Ҳозирги кунда, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятчиликларнинг олдини олиш мақсадида 335 нафар аёл-инспекторларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Шу нуқтаи назардан, маҳаллаларда юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда, кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Хусусан, 9 314 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган.    “Республика – вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмлари жорий этилди. Бунинг натижасида жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича – маҳалла раиси, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун – ҳоким ёрдамчиси, ёшлар масаласи бўйича – ёшлар етакчиси, аёллар билан ишлаш учун – хотин-қизлар фаоллари каби лавозимлар жорий этилган.

Маҳаллаларда соҳани тўлиқ рақамлаштириш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш мсалаларида “Smart маҳалла” ахборот дастури ишга туширилди. Қолаверса, маҳаллада жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ишларни кучайтириш мақсадида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳи шакллантирилди.

Дарҳақиқат, маҳаллада тинчлик, осойишталик ҳукм сурар экан, фуқаролар  ҳаётида ҳам хотиржамлик ҳисси намоён бўлади. Ўйлашимизча, мазкур амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, келажакда албатта ўзининг ижобий натижасини беради.

Хуршидбек АКБАРОВ

Хўжаобод туман адлия

 бўлими бош маслаҳатчиси