УЙ-ЖОЙ СОТИБ ОЛИШ УЧУН ФУҚАРОЛАРГА СУБСИДИЯ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ

Ижтимоий-сиёсий

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 март кунги 182-сонли қарори билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда мақсадида Низом тасдиқланди.

Унда:

-уй-жой сотиб олишга ипотека кредитининг бошланғич бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш;

-уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан субсидия олиш учун ариза бериш, ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш;

-туман (шаҳар)да уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;

-сотиб олинадиган уй-жойларни аниқлаш, ажратиладиган ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш, ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидияларни тўлаб бериш тартиби назарда тутилган.

Мурожаатлар қай тартибда амалга оширилади?

-Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

-Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши ҳам мумкин.

-Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланади. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

Давлат хизматлари марказлари, комиссия ҳамда масъул ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Комиссия ҳамда масъул ташкилотлар ким ва ваколат доирасига нималар киради?

1) тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлиги;

2) ички ишлар бўлими- ариза берувчини бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) яшаши;

3) молия бўлими — тақдим этиладиган субсидияларнинг миқдори бўйича ажратилган маблағларнинг мавжудлиги;

4) давлат солиқ инспецияси — солиқ тўловчининг идентификация рақами, турар жойда ижара шартлари асосида яшаши ва ариза берувчининг даромадлари;

5) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази — ариза берувчининг кам таъминланганлиги, «Меҳнат — миграция» дастурида рўйхатдан ўтганлиги ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги (оширганлиги);

6) туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси — ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандларида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг бор-йўқлиги, яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши, уй-жой умумий майдонининг бир шахс учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ эмаслиги;

7) туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар — тоифасига мансублиги;

8) Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман кенгаши — ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублиги;

9) туман ҳокимлиги — ариза берувчининг етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тоифасига мансублиги;

 

10) иштирок этувчи тижорат банклари — ариза берувчи фуқаро (биргаликда қарз олувчи)нинг ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўлов қобилияти, унга ажратилиши мумкин бўлган ипотека кредити ва сотиб олиши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қиймати, кредит ташкилотларидан аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликларининг мавжуд эмаслиги каби маълумотларга таяниб ҳаракатни амалга оширадилар.

Субсидиялар:

қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

шаҳарларда — бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Л.АРТИҚОВ,

туман давлат хизматлари

маркази директори.

Добавить комментарий