Муборак Алимовани Шаҳрихонда танимайдиган инсон бўлмаса керак. У салкам ярим аср шифокорлик касбини улуғлаб, соҳа ривожига муносиб улуш қўшди. Унинг она-бола саломатлиги йўлидаги фидокорона меҳнатларини юртдошларимиз яхши биладилар ва қадрлайдилар.
Муборак опа нафақага чиққач, фаол жамоатчи сифатида янада ғайрат билан меҳнат қила бошлади. Бир муддат “Оила ва никоҳ” марказини бошқарди. Айни пайтда ҳам “Қайноналар жамоатчилик кенгаши” раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. У туманда соғлом она ва соғлом бола йўналишида амалга оширилаётган эзгу ишлар, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг асосий ташаббускорларидан бири ҳисобланади. Унинг мутахассис сифатидаги маслаҳат ва ўгитлари ёш қизларни турмушга тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда жуда асқотмоқда.
Кейинги йилларда оилавий ажримларнинг ортиши барчани бирдек ташвишга солаётир. Арзимас можаролар, қайнона-келин ёки эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли оилавий муносабатларга дарз кетяпти. Мана шундай шароитда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, “муқаддас қўрғон”нинг мустаҳкам бўлиши, фарзандлар тарбиясида Муборак опа сингари кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга бўлган кайвони онахонларнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир.
М.Алимова туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига оила-турмуш, ишга жойлашиш, таълим-тарбия билан боғлиқ муаммолари билан мурожаат қилувчилар масаласини ўрганиб, ижобий ҳал қилишда яқиндан кўмак кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. У самарали жамоатчилик фаолияти учун учинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маънавиятни қадрлаган онахон ибратли оила соҳибаси ҳамдир. Унинг барча фарзандлари олий маълумотли, жамиятимизнинг илғор фикрли мутахассислари қаторидан жой олишган.
— Халқимизда: меҳнат инсонни улуғлайди, деган ҳикматли ибора бор,-дейди Муборак опа Алимова. – Астойдил меҳнат қилиб, кам бўлмадим. Ҳамон жамиятга, юртдошларимга фойдам тегаётганидан хурсандман. Бугунги кунда аҳоли ўртасида оилалар мустаҳкамлиги, фарзандларимиз таълим-тарбияси, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш жуда ҳам зарур. Бу борада туманимизда мен каби ўнлаб фахрийлар ибратли ишларни амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқдалар. Бундан ўзимизга завқ-шавқ оламиз. Кимгадир нафинг тегаётгани эса кучингга куч, ёшингга ёш қўшар экан.
Ўзининг қутлуғ 75 ёшини қаршилаётган бу табаррук онахонни табриклаб, унга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик тилаймиз!
Аббос СУЛТОНОВ,
«Шаҳрихон» махсус мухбири.
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.