“БОБУРНОМА” ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ГУЛТОЖИДИР

Шеърият гулшани

Андижон фарзанди, ўзининг бетакрор асарлари ва жасорати билан тарих зарварақларига ўчмас ҳарфлар ила муҳрланган бобокалонимиз Заҳиридддин Муҳаммад Бобур билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бобур ҳассос шоир, теран адабиётшунос, ҳақгўй тарихчи, иқтидорли тилшунос, салоҳиятли лашкарбоши, нозиктаъб мусиқачи, моҳир таржимон ва давлат арбоби сифатида тарихда қолди.
Бобур нафақат адабиётшунос олим, балки буюк жангчи ва лашкарбоши ҳамдир. У ўзбек насрининг шоҳи бўлса, “Бобурнома” унинг бошидаги гултожидир. Шарқ ва жаҳон адабиётида “Бобурнома” ўхшаши йўқ асар сифатида машхурдир, айни чоғда бу асар ўзбек насрининг бетакрор намунаси бўлиб қолди. Бу китоб Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистоннинг XVI асрдаги сиёсий, иқтисодий, маънавий аҳволи ҳақида кенг маълумотлар берувчи асардир. “Бобурнома” мазмунан ва мофиятига кўра ҳеч бир адабий жанр андозаларига тушмайди. Улардан юксак туради. “Бобурнома” қуйидаги фазилатларига кўра тарихдаги барча асарлардан фарқ қилади.
Мумтоз адабиётда асарлар “дебоча” қисми билан бошланади. Бу қисм турли шоирларда турли ҳажмда бўлса-да, уларда учта анаънавий боб мавжуд бўлиб, булар: ҳамда, наът, мадҳия. “Бобурнома”да ана шундай “дебоча” қисми йўқ, тўғридан-тўғри воқеалар тафсилоти билан бошланади. Бошқа манбаларда муаллифлар тарихий воқеаларга, тарихий шахсларга тарафкашлик билан муносабатда бўлсалар, Бобур холислик иш кўради. “Бобурнома”нинг бошқа асарлардан афзал хусусиятларидан бири қомусий хусусиятга эга эканлигидир. Бу асар Ҳиндистон тарихини ўрганишдаги Берунийнинг “Ҳиндистон” асаридан кейинги қимматли манбадир. Бундан ташқари “Бобурнома”нинг бадиий асар, тилшунослик асари, биология фанига оид асар, зоология фанига оид китоб, адабиётшуносликка оид асар ҳамда география фанига мансуб дейиш ҳам мумкин. Шундай қилиб, бу китоб фаннинг турли сохаларига оид маълумотлар бера олади. “Бобурнома”нинг бошқа тарихий асарлардан афзал хусусиятларидан яна бири унда воқеаларнинг йилма-йил, изчиллик билан баён этилишидир. Материалларнинг мўллиги ва аниқлиги, уларнинг равон ифодасидир. “Бобурнома” ана шундай фазилатлари билан шарқ маданиятининг ноёб дурдонасига айланиб, жаҳон тилларига таржима қилиниб, дунё маданиятининг бетакрор асарига айланган.
Ушбу асар ҳақида бундан кўпроқ айтиш ва таҳлил қилиш мумкин. Бу таърифлар ичида энг қисқаси бўлса ажаб эмас.
 
Зулфизар ЖАЛИЛОВА,
Шаҳрихон туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактабининг
она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Добавить комментарий