АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ИШЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА

Ижтимоий-сиёсий

2023 йилда бўлиб ўтадиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишларининг биринчи босқичи бўйича туман корхона, ташкилотлар, маҳаллаларида аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида семинар-учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Андижон вилояти статистика бошқармаси томонидан ташкил этилаётган учрашувлар чоғида ушбу жараённинг мазмуни, мақсади ва вазифалари бўйича тушунчалар берилмоқда. Тайёргарлик ишлари доирасида кўчаларга, қишлоқ ва овулларга ном бериш, илиш, хонадонларни номлаш, рақамлаш, хариталарга мос ҳолда ҳар бир кўча ва хонадоннинг чегараларини аниқ белгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда тарғибот тадбирлари ҳар бир маҳалла, корхона ва муассасаларда мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказишни тавсия этади.

Добавить комментарий