Судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.
Судланганлик шахс ҳуқуқий мақомининг тавсифи бўлиб, судланмаган шахс билан солиштирганда, судланган шахсга ҳуқуқларни чеклаш билан бирга унга мажбурият ҳам юклайди, лекин бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Қонун судланганликни фақат шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлиги билан боғлашни назарда тутади.
Шахсни ҳукм қилиш деганда, шахснинг қилмишида жиноят таркибининг барча элементлари мавжуд бўлган аниқ жиноятни содир этишда айбдор деб топиш, шунингдек бу шахсга нисбатан муайян турдаги ва миқдордаги жазонинг тайинланиши тушунилади. Жазонинг тури ва миқдори шахснинг судланган деб топиш ва ҳисоблаш учун аҳамиятга эга эмас, лекин бу судланганликнинг тугалланиш ва олиб ташланишига таъсир қилмайди.
Шахснинг судланганлиги умумий-ҳуқуқий ва жиноий ҳуқуқий аҳамиятга эгадир.
Судланганликнинг умумҳуқуқий аҳамияти шахснинг судланганлиги унинг расмий органларга тугатилмаган ёки олиб ташланмаган судланганлик мавжудлиги тўғрисида маълум қилиш мажбуриятида, маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади.
Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти шахснинг олдинги жинояти учун судланганлик муддати ўтмасдан ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмасдан янги жиноят содир этганидагина вужудга келади.
Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти қуйидагилардан иборат, яъни:
-шахсда судланганлик ҳолатининг мавжудлиги хавфли ва ўта хавфли рецидивист деб топилишига таъсир этади;
-судланганлик шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилишга тўсқинлик қилади;
-судланганлик қилмишни квалификация қилишга таъсир этади;
-судланганлик жазо тайинлашда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;
-судланганлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашда жазони ижро этиш муассасаси турини аниқлашга таъсир қилади;
-алоҳида тартибда жазо тайинланишига сабаб бўлади.
Судланганликнинг жиноий ҳуқуқий аҳамияти шахс янги жиноят содир этганда вужудга келади. Бошқача айтганда, шахснинг судланганлиги суд томонидан, у судланган деб топилган даврда, яъни ҳукм қонуний кучга кирган вақтдан унинг тугатилиши ёки олиб ташлангунгача бўлган даврдан кейин жиноят содир этган ҳолларда ҳисобга олинади. Судланганлик бошлангунга қадар ёки у тугаганидан кейин жиноят содир этиш ҳеч қандай жиноий ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
Судланганликнинг умумҳуқуқий оқибатлари каби жиноий-ҳуқуқий оқибатлари ҳам жиноий жазо самарадорлигини ошириш ва маҳкумни тарбиялашга қаратилган чораларни мустаҳкамлаш, шунингдек аввал судланган шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган.
Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган ҳисобланади ва шахсни судланган деб топишнинг бошланғич вақтини ҳукм қонуний кучга киргандан кейинги вақт деб белгилайди.
Шахс фақат жазони ўтаб бўлганидан кейингина эмас, унинг ижро этилиши вақтида ҳам судланган ҳисобланади. Бунда дастлабки тергов жараёнида тайинланган жиноятнинг олдини олиш чоралари аҳамиятга эга эмас, шунингдек ҳукм эълон қилинганидан кейин бу вақт давомида шахс судланган деб тан олиниши мумкин эмас.
Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Бундай пайтда жазо тайинламасдан қабул қилинган айблов ҳукми, шунингдек кучга кирган амнистия акти билан жазодан озод қилинган ёки жавобгарликка тортиш муддати ўтиши шароитида шахс судланмаган деб ҳисобланади. Шахс шартли ҳукм қилиниши муносабати билан жазодан озод қилинганида ёки жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинганда улар синов муддати давомида судланган деб эътироф этилади. Жазо билан бирга тарбиявий характердаги мажбурлов чоралари тайинланганда ҳам шахсни жазодан озод қилиш шахсни судланганлигини келтириб чиқармайди. Шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинганда, шунингдек унга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганда у судланган деб тан олинмайди.
Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.
Судланганлик ҳолати тугалланганда шахс судланмаган деб ҳисобланади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши шахснинг янги жиноят содир этиши билан узилади. Бундай ҳолда судланганликнинг биринчи жиноят бўйича тугалланиши муддати айбдорнинг охирги жиноят учун жазони ҳақиқий ўтаб бўлганидан сўнг ҳисобга олинади. Судланганлик ҳолати тугалланиши билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шахс янги жиноят содир этган тақдирда унинг жиноий жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.
Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.
Судланганлик ҳолатини тугалланиши деганда, муайян муддатларнинг ўтиши билан мазкур масалага оид суднинг махсус қарори қабул қилинмасдан барча ҳуқуқий оқибатлар ва чекланишларнинг тугалланишини тушуниш керак.
Судланган ҳолати тугалланганда шахс судланмаган ҳисобланади. Судланган муддати тугалланиши автоматик тарза рўй бериб, бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Шахс судланганлик муддати ўтмасидан янги жиноят содир этса, бу муддатнинг ўтиши узилади.
Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
-шартли ҳукм қилинганларга нисбатан-синов муддати тугаган кундан бошлаб;
-хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларни ўтаб чиққач;
-жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
-қамоқ жазоси ўталганидан кейин-икки йил ўтгач;
-беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин-тўрт йил ўтгач;
-беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин-етти йил ўтгач;
-ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин-ўн йил ўтгач.
Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга ҳукм қилинган бўлса, мазкур озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққанидан сўнг, шунингдек ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга нисбатан судланганлик ҳолати тугалланмайди. Лекин юқорида назарда тутилган ўн беш йил ва ундан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўтаб чиқилганидан сўнг шахслар ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд томонидан уларнинг ҳам судланганлиги олиб ташланиши мумкин.
Шахс шартли ҳукм қилинганда, судланганлик муддати бир йилдан уч йилгача бўлган синов муддати ўтганидан сўнг тугалланган деб ҳисобланади. Агар шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан қўшимча жазо чораси қўлланилган бўлса, судланганлик қўшимча жазо муддати тугагач тамом бўлган ҳисобланади.
Судланганликнинг олиб ташланиши-бу қонунда кўрсатилган судланганликнинг тугалланиши муддати ўтмасдан бекор қилинишидир. Судланганликнинг олиб ташланиши суд томонидан унинг ажрими асосида ёхуд тегишли авф этиш ёки амнистия акти асосида амалга оширилади.
Агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахсни ўзи берган илтимосномасига кўра суд томонидан юқорида кўрсатилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлиги олиб ташланиши мумкин.
Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
Қилмишнинг жноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг ахволини бошқача тарза яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга бўлиб, ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларнинг, агар улар хали судланган ҳисоблансалар, судланганлиги олиб ташланиши мумкин.
Судланганликнинг олиб ташлаш тўғрисидаги масала судья томонидан жазони ўтаб бўлган шахснинг, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакилининг ёхуд жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг илтимосномасига асосан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 541-моддасининг 3-қисмига мувофиқ судланганликни олиб ташлаш ҳақидаги масалалар шу маҳкумнинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) суди судьяси томонидан ҳал қилинади.
Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда илтимоснома ким томонидан берилган бўлса, шу шахснинг суд мажлисида қатнашиши шарт. У ҳимоячи олиш ҳуқуқи билан таъминланиши лозим. Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома жамоат бирлашмаси ёки жамоа томонидан берилган бўлса, уларнинг вакиллари суд мажлисида иштирок этиши шарт.
Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги масаласини кўриб чиқиш тақдим қилинган илтимосномани ўқиб эшиттиришдан бошланади. Сўнг суда ҳозир бўлганларнинг фикрлари эшитилади ва ажрим чиқариш учун алоҳида хонага кирилади.
Судланувчига ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо белгиланган бўлса, муддатларни ҳисоблаш ва судланганликни олиб ташлаш охирги жазони ижро этиш пайтидан бошланади.
Шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан олдин озод қилинган ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланиши керак.
Агар судланганликни олиб ташлаш рад этилган бўлса, судьяга бу масалага доир қайта илтимоснома ажрим чиққан кундан бошлаб камида бир ўтганидан кейин киритилиши мумкин.
Жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолати муддати тугамай яна жиноят содир этса, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Бундан судланганликнинг тугаши муддатини ҳар бир жиноят учун алоҳида, энг охирги жиноят учун жазони ўтаб бўлгач, ҳисобланади. Агар шахс судланганлик муддати давомида янгитдан жиноят содир этса, у ҳолда бу муддатнинг охирги жинояти учун асосий ва қўшимча жазонинг аниқ ўталган вақтидан бошлаб ҳисоблаш зарур.
Шахс жиноятлар жами бўйича ҳукм қилинганида судланганлик муддати барча жиноятлар мажмуи учун тайинланган жазодан келиб чиқиб белгиланади.
Жиноят ишлари бўйича
Шаҳрихон туман суди судъяси У.Солиев