МУСТАҚИЛЛИК ШУКРОНАСИ

Uncategorized

Мустақиллик Аллоҳ таолонинг бизларга ато этган энг улуғ неъматидир. Собиқ иттифоқ пайтида барча диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз истиқлол туфайли имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтиришга катта аҳамият берди.

Мустақиллик туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбаалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин-мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳаммамизга яхши таниш бўлган, деярли ҳар биримиз намозларда ўқийдиган қисқагина Қурайш сураси бор. Бошқа сура ва оятлардаги каби, Аллоҳ таоло Ўзининг бениҳоя ҳикмати билан ушбу кичик сурага ҳам улкан маъноларни мужассам этган. Суранинг охирида: “Уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилган Зотга-ушбу Байтнинг Раббига ибодат қилсинлар” дейилган. Буюк муфассирларимиздан имом Фахриддин Розий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг “Тафсири Кабир” асарида ушбу сура ҳақида шундай ёзади:  “Неъмат икки хил бўлади. Биринчи неъмат одамлардан зарарни даф қилишдир. Иккинчи неъмат эса одамларга манфаат келтиришдир. Бу сурада иккала неъмат ҳам зикр қилинган. Аллоҳ таоло улардан зарарни даф қилиб, уларга манфаат келтиргач – иккиси ҳам улуғ неъматлардир – уларнинг шукрини адо этиш учун ибодат қилишга буюрди.

 Сурада зикр қилинган икки неъмат одамларнинг қорнини тўйдириш ва хавф-хатардан омон қилишдир. Дарҳақиқат, инсоннинг моддий фаровон бўлиши ҳамда хавфдан омон бўлиши Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улкан неъматларидандир. Жумладан, бу буюк неъматлар жаннатмакон Ватанимизга ҳам ато этилгани шубҳасиздир. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, мустақилликка эришганимиздан буён ўтган ўттиз йил давомида халқимизнинг турмуши фаровон, осмони мусаффо, эрки ўз қўлида. Шундай экан, бу неъматларнинг шукрини адо қилиш учун уларни ато этган Роббимизга – Аллоҳ таолога ибодат қилишимиз лозим.

А.ЭРМАТОВ,

 Шаҳрихон тумани “ Мунисхон ҳожи она”                                                      

         жомеъ масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий