ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗИ ТОМОНИДАН ЮРИДИК ХУЛОСА ОЛМАСДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН БУЙРУҚ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Ижтимоий-сиёсий

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда, заруратга кўра, иштирок этади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва юридик хулоса бериши белгиланган.

Жорий йилнинг 14 октябрь куни Хўжаобод тумани юридик хизмат кўрсатиш марказига туман тиббиёт бирлашмаси томонидан  юридик хулоса олиш учун 2021 йил 9 октябрь кунги иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан буйруқ  келиб тушган.

Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг 2021 йил
9 октябрдаги буйруғига кўра фуқаро билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-банди билан бекор қилинган.

Фуқаро билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонунчилиги талабларига амал қилинмаган.

Хусусан, Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси Касаба уюшма қўмитаси раиси томонидан 2021 йил 7 октябрь куни фуқаронинг меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун розилик берилганлиги маълум бўлди.

Бироқ, Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси КУК раиси томонидан ўтказилган йиғилишда фуқаронинг иштироки таъминланмаган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси раиси томонидан 2021 йил
7 октябрда берилган розилик хатига асосан 2021 йил 9 октябрдаги буйруғига асосан фуқаро билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
102-моддасида “Меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди” деб белгиланган бўлсада туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларига амал қилинмасдан фуқарони меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан уч кун олдин хабардор қилинмаганлиги ҳамда фуқарога компенсация тўланмаганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, мазкур буйруқни қабул қилишда Хўжаобод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан юридик хулоса олмасдан қабул қилинганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
29 июндаги ПҚ-5168-сон қарори билан тасдиқланган “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўғрисида”ги низомнинг12-бандида “Юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланади” деб белгиланган.

Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100, 102-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги ПҚ-5168-сон қарори талаблари қўпол равишда бузилган аниқланиб, туман адлия бўлимига хабарнома берилди.

Юқоридагиларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 9 октябрь кунги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиш ва белгиланган тартибда фуқарони иш жойига тиклаш юзасидан тақдимнома киритилди.

Мазкур тақдимномага кўра Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 9 октябрь кунги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилиниб, фуқаро иш жойига тикланди.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнатга оид қонун ҳужжатлари ижросини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик, бунинг оқибатида қоидаларни бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгарликни  келтириб чиқаришига, ҳужжатларни нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилиши, уларни бузилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни юзага келишига олиб келинади.

С.РАХИМОВ,

 Хўжаобод тумани юридик  хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.                                                                                           

Добавить комментарий