ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗЛАРИНИНГ САМАРАЛИ ФАОЛИЯТИ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Ижтимоий-сиёсий

Демократик-ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий вазифаларидан бири мамлакатда,  хусусан давлат органлари ва ташкилотларида қонунийликни таъминлаш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатишни таъминлаш устувор соҳалардан бири ҳисобланади. Мазкур соҳада ягона амалиётни жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотларига профессионал юридик хизматни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрь куни қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари эксперимент тариқасида ташкил этилган бўлиб, бу жараёнда ижобий натижаларга эришилган. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 29 июнь куни “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида республикамизнинг барча ҳудудларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш белгиланганлигини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.

         Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб туман (шаҳар) даражасидаги 12 та давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шу давр мобайнида юридик хизмат кўрсатиш марказларига бириктирилган ташкилотлар томонидан билдирилган ижобий фикрлар ҳам гапимизнинг исботи дейишимиз мумкин.

Негаки, янги ташкил этилган юридик хизмат кўрсатиш марказларининг олдин мавжуд бўлган юридик хизматдан фарқли равишда ижобий жиҳатлари кенг:

Биринчидан,  юридик хизмат кўрсатиш марказлари бириктирилган давлат органи ёки ташкилот раҳбарига эмас, балки тўғридан-тўғри вилоят адлия бошқармаси ҳузурида ташкил этилган бўлиб,  бу орқали манфаатлар тўқнашуви ҳамда ташкилот раҳбари ва юридик хизмат ходими ўртасидаги бўйсинув муносабатларига чек қўйилади.

Иккинчидан,  юридик хизмат кўрсатиш марказларига бириктирилган давлат органлари ва ташкилотларида аввал битта штат бирлигида юристконсулт лавозими мавжуд бўлган бўлса, ҳозирга келиб ҳар бир юридик хизмат кўрсатиш марказларида 3-7 тагача ходим ташкилотларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу эса қабул қилинаётган ички буйруқлар, шартномалар ва бошқа юридик тусдаги ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишини ҳамда мазкур ҳужжатларда қонун устуворлигини ва қонунийликни тўлақонли таъминлашга хизмат қилади. Жорий йилнинг 1 октябридан шу кунга қадар вилоятдаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларидан қарийб 13 мингдан ортиқ ички буйруқлар,  шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб,  қонунийлиги таъминланди.

Учинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда юридик хизмат кўрсатиш марказлари ўзаро “Э-ҳуқуқшунос” электрон дастури орқали интеграция қилинган. Бу эса ўз навбатида ташкилотлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш,  ортиқча қоғозбозликни олди олинишини таъминлайди.  Давлат органи ва ташкилотлари ҳамда юридик хизмат кўрсатиш марказлари ўртасидаги ҳужжат айланиши тўлиқ электрон тизим орқали амалга оширилади.  Шу билан бир қаторда юридик хизмат кўрсатиш маркази ходими томонидан ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижалари юзасидан берган ҳуқуқий хулосаси ҳам тизимда сақланиб қолади.  Бу орқали марказлар фаолиятини тўлиқ таҳлил қилиш ва назорат қилиб бориш имкониятини яратади.  Мазкур амалиёт орқали фуқароларнинг қонунлар билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказишнинг олди олинади.

Юқорида келтирилган фикрларга асосланган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки,  навбатдаги асосий вазифа – бу юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини ва йўналишини кенгайтириш ҳисобланади.

Адлия вазирлиги томонидан юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини кенгайтириш, туман (шаҳар) даражасидаги бошқа ташкилотларни ҳам бириктириш юзасидан кенг ишларни амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2 ойлик давр мобайнида республика миқёсида 12 та давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатиш натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинди, ташкилотлар фаолиятида қонунийлик таъминланди.  Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлаш мақсадида бир қатор туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотларни ҳам юридик хизмат кўрсатиш марказларига бириктириш зарурияти туғилмоқда.

Хусусан, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, туризм ва спорт бўлимлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлимларини ҳамда мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларини ҳам юридик хизмат кўрсатиш марказларига бириктириш таклифи берилган бўлиб, адлия вазирлиги томонидан таҳлилий ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ички буйруқ, шартнома ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар қабул қилиш имконияти мавжудлиги ҳамда бошқа бир қатор асослар инобатга олинган ҳолда таклиф этилган.

Таклиф этилаётган давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат ходими лавозими мавжуд эмаслиги энг муҳим асослардан бири ҳисобланади. Қуйидаги ҳолатларни бартараф этиш учун ҳам мазкур ташкилотларни юридик хизмат кўрсатиш марказларига бириктириш зарур деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан,  ташкилотда ишловчи ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам бериш ҳамда ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш заруриятини вужудга келтиради.

Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш заруриятининг мавжудлиги. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ташкилотлардаги барча ички буйруқлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда юридик хулоса берилади. Бу эса ўз навбатида мазкур ҳужжатларда қонун талаблари бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш имкониятини яратади.

Учинчидан, мазкур ташкилотлар томонидан судгача талабнома ва судга даъво аризалари киритиш имконияти мавжуд. Аммо, судда уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун юридик хизмат ходими мавжуд эмас. Шу кунга қадар юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ўзларига бириктирилган ташкилотлар манфаатларини ҳимоя қилиб, 3,8 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинишига эришилган.

Юқорида келтирилганларга асосланган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, таклиф этилаётган давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлимларига юридик хизмат кўрсатишни ташкил этиш орқали уларнинг фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлиги, ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади ҳамда профессионал юридик хизмат тизими жорий этилишига эришилади.

М.ОДИЛЖОНОВ, Андижон вилояти адлия бошқармаси
ҳуқуқий экспертиза ва юридик
хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш
бўлими бош маслаҳатчиси .

Добавить комментарий