ИПОТЕКА КРЕДИТИ БЎЙИЧА СУБСИДИЯЛАРНИ ТЎЛАШДА КВАРТИРА МАЙДОНИНИНГ ЭНГ КЎП МЕЪЁРИНИ БЕЛГИЛАШ АМАЛИЁТИ БЕКОР ҚИЛИНАДИ

Жамият

“Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–33-сон, 09.12.2021 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 10 декабрдан:

➡ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича субсидияларни тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;

➡ дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи 5 йил давомида 10 фоиздан ошган қисмига тўланади;

➡субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўланади;

➡фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, фармонга кўра, электрон онлайн-аукцион ғолибларига ер участкаси қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб 5 иш кунидан кечиктирмай, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

2022 йил 1 январдан пудрат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиши тугалланмаган, том ёпиш ишлари бажарилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этиши мумкин.

2023 йил 1 январгача цемент маҳсулоти (ТИФ ТН коди 2523) ва энергия тежамкор базальт қопламалари (ТИФ ТН коди 6806 1000 08) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

Бундан ташқари, 2022 йилда хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 1 000 та квартира сотиб олиш чоралари кўрилади.

Фармонга кўра, 2022 йилда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун жами 43 мингта ипотека кредитлари ажратилади.

С.РАҲИМОВ,

Хўжаобод тумани юридик хизмат

кўрсатиш маркзи бошлиғи.

Добавить комментарий