“Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–146-сон, 01.03.2022 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди.
Қарорга кўра, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади.
Ушбу лавозимга оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади.
2022 йил 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 млн 877 минг сўм) миқдорида;
хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари (3 млн 288 минг сўм) миқдорида;
хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари (3 млн 699 минг сўм) миқдорида.
2022 йил 1 августгача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари”ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминланади.
Қарор билан шунингдек, Бош прокуратура тузилмасида Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.
С.РАҲИМОВ,
Хўжаобод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.