Буни ҳамма билиши шарт!

Жамият

ЭҲТИЁТКОРЛИК, ОГОҲЛИК, ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ –

саломатлик ва хотиржамлик гарови


Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланиш бунинг оқибатида айрим юртдошларимизнинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида тез-тез маълумотлар бериб борилмоқда. Бу албатта, жуда ҳам ачинарли ҳолдир. Шу муносабат билан ис гази ва чақнаш билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
ИС ГАЗИ НИМА?
Ис гази (углерод оксиди) — рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи — CO. У ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келувчи, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб юзага келади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши ўлим ҳолатига олиб келади. Ис гази организмга тушганда, у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади.
ИС ГАЗИДАН ЗАҲАРЛАНИШНИНГ УМУМИЙ БЕЛГИЛАРИ
*Бош мия тизимида: уйқуга тортиш, бош айланиши ва оғриғи, ҳушини йўқотиш;
* Кўриш тизимида: кўз олдининг қоронғулашиши;
*Эшитиш тизимида: эшитиш қобилиятининг пасайиши;
*Тери қисмида: терлаш кучайиши;
*Нафас олиш тизимида: нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал;
*Юрак қисмида: Пульс ва АБ ортиши;
*Мушаклар тизимида: Тремор (қалтираш).
ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ИС ГАЗИДАН ЗАҲАРЛАНИШ ХАВФИ ЮҚОРИ БЎЛАДИ?
— Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда;
-автоулов тураргоҳларида;
-янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда;
-уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда;
-печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.
Бундан ташқари, савдо дўконларида сотилаётган, газда ишлайдиган ҳар хил турдаги газ ускуналари, жумладан, Эрон давлатида ишлаб чиқилган «камин» газ ускунаси чиройли, ихчам кўринишли, иситиш мавсумида ишлатиб, кейин бошқа жойга олиб қўйса бўладиган қулайликларга эгадир. Бироқ, ушбу ускуна бошқа давлатда ишлаб чиқилгани сабаб, уни ўрнатиш ва фойдаланишга доир техник паспорт ўзбек ё рус тилларига таржима қилинмаган. Бунинг оқибатида ундан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари билан танишиш имкони бўлмайди. Ўзбошимчалик билан, мутахассиснинг кўрсатмасисиз қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларини бузган ҳолатда ўрнатилмоқда. Натижада эса инсонлар ис газидан заҳарланиб вафот этмоқда.

ТАБИИЙ ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШДА НИМАЛАР ТАҚИҚЛАНАДИ?
— Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш;
-газ асбоблари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
-дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартириш;
-хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш;
-мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши;
-газ ва газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
-газ асбоблари ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш.
СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШДА НИМАЛАР ТАҚИҚЛАНАДИ?
— Бўш ва суюлтирилган газли баллонларни хона ҳамда ертўлаларда сақлаш;
-газлаштирилган хонага 50/55 литр сиғимли баллондан биттадан ортиқ ёки 27 литрли баллондан иккитадан ортиқ қўйиш;
-баллонларни қизишдан сақлайдиган тўсиқ ўрнатилган бўлса, баллон билан иситиш асбобининг оралиғи 0,5 метргача қисқартирилиши мумкин, баллон билан тўсиқнинг ораси эса 10 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак;
-баллонлар билан ўт ёқиш эшигининг оралиғи 2 метрдан оз бўлмаслиги лозим;
-хонага ўрнатилган баллонлар алмаштирилаётганда электр ёриткичларни ёқиб-ўчириш, очиқ оловдан, электр иситиш асбоблари ва иситиш печкаларидан фойдаланиш;
-баллонларни алмаштириш ишлари билан боғлиқ бўлмаган шахслар борлигида баллонларни алмаштириш.
ГАЗДАН ЗАҲАРЛАНГАНДА БИРИНЧИ ЁРДАМ ҚАНДАЙ КЎРСАТИЛАДИ?
Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан “Тез тиббий ёрдам” чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:
-жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш;
-жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;
-нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);
-жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. Уни юргизиш тақиқланади;
-жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш;
-нашатир спиртини ҳидлатиш;
-ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;
-жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
-кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.

Олимжон ЎРИНОВ,
Шаҳрихон тумани “Саломатлик маркази” шифокори.

Добавить комментарий