Шаҳрихон тумани марказида яна бир кўркам ва муҳташам умумий овқатланиш мажмуаси фаолият кўрсата бошлади. “Ёшлик” миллий таомлари” деб номланган мазкур ошхона тадбиркор Маҳаммаджон Шокиров томонидан замонавий услубда қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 50 нафар ҳамюртимиз муқим иш ўрнига эга бўлдилар.
Яқинда ана шу мажмуанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тарзда ўтган маросимда фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Мазкур тадбир асносида тадбиркор томонидан Намозгоҳ МФЙда яшовчи кам таъминланган оила фарзанди Улуғбек Абдуллаевнинг хатна тўйи ҳам ўтказилди.
— “Ёшлик”нинг иш бошлаши билан туманимиз аҳолиси учун яна бир қулайлик яратилди, — дейди тадбир иштирокчиси С. Махсудова. – Энг асосийси, янги иншоот туманимиз маркази кўркига-кўрк қўшди. Дарҳақиқат, орамизда тадбиркор Маҳаммаджондек ишбилармон, замон билан ҳамнафас инсонлар бор экан юртимиз бунданда обод бўлиши шубҳасиздир.
“Ёшлик” ҳамюртларимиз ва туманимиз меҳмонларига мазали таомлари билан хизмат кўрсатишни бошлади.
Т. МАДАМИНОВ.