ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИНГ ТИНЧ ВА ОСУДА ҲАЁТ КЕЧИРИШИ – бизнинг асосий вазифамиз

Ўзбекистон

 

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Юртимизда тинчлик-осойишталик, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, халқимизнинг осуда, фаровон ҳаёт кечиришига эришиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бу борада туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам  зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқдалар.

Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар идоралари ходимлари олдига қўяётган долзарб масалалар ижросини таъминлаш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати” тамойили асосида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда иш ташкил этилаётир. Ўтган 2018 йил давомида туманимиздаги барча маҳаллаларда аҳолиси ўртасида огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этувчи “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак” тамойили асосида учрашув-мулоқотлар, давра суҳбатлари, профилактик тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, одамлар гавжум жойларга “Огоҳ бўлинг, фирибгар!”, “Одам савдосидан сақланинг!”, ”Диққат, ўғри!”, “Мулкингизга ҳушёр бўлинг!” каби чақириқлар ифодаланган кўргазмали тарғибот воситалари илинди, аҳоли хонадонларига эса 20 мингдан ортиқ шундай мазмундаги буклетлар тарқатилди. Бундан ташқари, назорат-кузатув тадбирларини янада кучайтириш мақсадида туман маркази, маҳалла ва кўчаларнинг бошига, кўп қаватли уйлар, таълим, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларига 2500 та видеокузатув камераси ўрнатилди. Бу эса ўзининг ижобий самарасини кўрсатиб, 11 та жиноятнинг тезкорлик билан фош этилишида муҳим омил бўлди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўзаро ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилганлиги, профилактик тадбирлар самарали ташкил этилаётгани туфайли ўтган йили 2017 йилга нисбатан жиноятчиликнинг сезиларли даражада  камайишига эришилди. Жумладан, умумий жиноятлар сони 51 тага, ЖҚ йўналишидаги жиноятлар 1 тага, қотиллик 2 тага, фирибгарлик 14 тага, иқтисодий жиноятлар 9 тага, ўта оғир жиноятлар 5 тага, аёллар ўртасидаги жиноятлар 2 тага, ёшлар иштирокидаги жиноятлар 6 тага, уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 13 тага камайди. Энг муҳими, талончилик, босқинчилик, ўзгалар автомобилини ўғирлаш, товламачилик каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Ҳафтанинг пайшанбасида “Профилактика куни” тадбирлари ўтказилиб, унинг доирасида 40 дан ортиқ “сайёр суд” муҳокамаси, 150 дан ортиқ “сайёр қабул” ташкил этилди. Шу билан биргаликда, нотинч оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тарбияси оғир, жиноят содир этишга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар билан ишлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди.

Бироқ, ўтган йили туманимизда оғир тан жароҳати етказиш 5 тага, безорилик 3 тага, йўл-транспорт ҳодисаси 8 тага ва  оғир жиноятлар 5 тага ортиб кетганлиги афсусланарлидир. Таассуфки, айрим маҳалларда жамоатчилик назорат масканлари фаолияти яхши ташкил этилмаганлиги, фаолларнинг масъулиятсизлиги  оқибатида ўғирлик жинояти 4 тага ортиб кетган. Бу кўрсаткичлар ҳар биримизни чуқур мушоҳада юритишга, янада фаолроқ бўлишимизга, ҳамкорликни бунданда кучайтиришга туртки бўлиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг шу йил 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишлаб  ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган топшириқлари келгусидаги фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Энг асосий мақсадимиз аҳолининг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат.

 

Т. АБДУЖАЛИЛОВ.

туман ички ишлар

бўлими бошлиғи.

 

Добавить комментарий