ЯНГИ БОЗОР ИШ БОШЛАДИ

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Шаҳрихон азалдан тадбиркорлар ва  ҳунармандлар юрти сифатида довруғ таратган. Айниқса, туманимиз марказидаги бозор  тўкинлиги, арзонлиги билан бутун мамлакатимизда жуда машҳур бўлиб кетган.  Шунинг учун ҳам бу ерга қўшни туманлар, ҳаттоки, бошқа вилоятлардан ҳам кўплаб инсонлар ташриф буюради. Бозорда сотувчи ҳам, харидор ҳам бисёр.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Бироқ, Шаҳрихон деҳқон бозори бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур бозор ўрнида замонавий савдо мажмуаси қад ростлади. Мева, сабзавот, нон, қандолат маҳсулотлари сотишга мўлжалланган 600 та савдо ўрнига эга бўлган очиқ повильон ва 7 та икки қаватли савдо мажмуаси қурилди. Бунинг учун 16 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

— Мазкур мажмуанинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди,   — дейди “Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари Рустамжон Ҳожибоев. – Унинг иккинчи босқичидаги қурилиш ишлари давом этмоқда. Яна 2 та икки қаватли савдо мажмуаси, 51 та савдо дўкони,  бозорнинг олд ва орқа томонида бир вақтнинг ўзида 400 та автомашинани қабул қила оладиган 2 та тўхташ жойи барпо этилади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда сотувчилар ва харидорлар учун барча қулайликлар яратилади.

– Янги бозор қурилишидан ҳамюртларимиз жуда  хурсанд, – дейди “Деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари  Ж.ХХХХ. – Асосий эътибор бозорни кенгайтириш, янги раста ва павильонлар барпо этиш билан бирга, бозор атрофидаги йўл ва йўлаклар, транспорт кириб-чиқадиган ва тўхтайдиган жойларни ҳозирги талаблар даражасига етказишга қаратилмоқда.

Яқинда деҳқон бозорининг биринчи навбатини фойдаланишга топширишга бағишланган маросим тантанали тарзда бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик, туманимиз аҳолиси вакиллари иштирок этдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, шаҳрихонликларнинг кўп йиллик орзулари ушалди. Туманимиз марказида замонавий, барча қулайликларга эга бўлган бозор ҳамюртларимизга хизмат кўрсатмоқда.

Русамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий