ЯНГИ ХУСУСИЙ ШИФОХОНАЛАР аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатади

Саломатлик
Фото: Хурсандбек АРАББОЕВ.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг ролини ошириш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фото: Хурсандбек АРАББОЕВ.

Яқинда туманимизнинг Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Қобилжон Отахонов раҳбарлигидаги «SHUKRONA CLINIK» масъулияти чекланган жамияти томонидан «Шукрона» клиникаси фойдаланишга топширилди. 40 ўринли янги табобат масканининг кардиология, неврология, травматология, физиотерапия, жарроҳлик бўлимлари замонавий тарзда жиҳозланди. Бу ерда 20 нафар малакали мутахассис беморларга жаҳон стандартлари талаблари асосида хизмат кўрсатади.

Фото: Хурсандбек АРАББОЕВ.

— Такомиллашган тиббий технология асосида жадал, аниқ ташҳис қўйиш ва сифатли муолажа билан беморларнинг саломатлигини тиклаш ҳаракатидамиз, — дейди бош шифокор Муҳаммадали Маҳаммадов. — Шифо истаб келганлар бу маскандан кўнгли тўлиб қайтадилар. «Шукрона» клиникаси катта магистраль йўл бўйига жойлашгани аҳолига янада қулайлик яратди.

Янги шифохонанинг тантанали очилиши маросимида туман ҳокими Ҳ.Дадахонов иштирок этди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Байрам арафасида Байроқ маҳалласида “Камолтепа” кўп тармоқли даволаш маскани ҳам иш бошлади.  Тажрибали шифокор Ҳалимахон Бадалова ҳозирда фойдаланилмай турган собиқ “Шаҳрихон” ширкат хўжалиги маъмурий биносини “ноль” қийматида олиб, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борди. Натижада 25 ўринли замонавий шифо маскани аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

–«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да фаолият бошлаган шифохонамиз энг сўнгги русумдаги хориждан келтирилган янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, – дейди бош шифокор Ҳ.Бадалова. – Бу ерда даволанувчиларга тиббиёт фанлари номзоди, кардиолог Насибахон Жўраева ва яна кўплаб малакали шифокорлар хизмат кўрсатмоқда. Энг асосийси, мазкур шифо масканида 11 та янги иш ўрни яратилди.

Фото: Рустамек АРАББОЕВ.

“Камолтепа” кўп тармоқли даволаш масканининг очилиш маросими ҳақиқий байрамга айланди. Бу ерга туманимизнинг таниқли шифокорлари, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари таклиф этилди. Тадбиркор  — шифокор шу куни маҳаллада истиқомат қилувчи оиланинг 2 нафар фарзандининг хатна тўйини ҳам ўтказиб берди.

Тантанада туман ҳокимининг ўринбосари Н.Йўлдошева сўз олиб, барчани қўшалоқ шодиёна билан муборакбод этди. Тўй болаларга эсдалик совғалари топширилди.

Рустамбек АРАББОЕВ.

 

Добавить комментарий