МЎЛ ҲОСИЛ ЯРАТИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон

Айни кунларда туманимиз пахтакорлари ғўза парваришини ҳам тобора авж олдирмоқдалар. Ниҳоллар кун сайин кўкка бўй чўзяпти. Барча тадбирлар юксак агротехника талаблари асосида амалга оширилмоқда. Асосий мақсад бу йил ҳам мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштиришга қаратилган.

— Жорий йилда туманимиздаги 210 та фермер хўжалигининг 7132 гектар дала майдонига пахтанинг энг истиқболли навлари экилган, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош агрономи Р.Қодиров. – Деҳқонларимиз баҳор фаслида юзага келган турли табиат cиновларини фидокорона меҳнатлари билан енгдилар. Уюшқоқлик билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилган ишлар чигит экишнинг қисқа муддатда тугалланиши ҳамда ғўзанинг бир текис, бехато униб чиқишини таъминлади. Бир сўз билан айтганда, тўла гектарлар яратилди. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, ҳар бир фермер хўжалигида меҳнат қилаётганларга қулай шароитлар яратилганлиги иш суръатининг жадаллашида муҳим омил бўлмоқда.

Шу кунга қадар, ғўзалар 5 марта культивациядан чиқарилиб, 2 марта чуқур юмшатилди. 2 марта ўғитланиб, ғўза барглари орқали 3 марта озиқлантирилди. Ҳашаротга қарши  биоусулда кураш чоралари олиб борилмоқда. Натижада бугун барча хўжаликларда ғўза ёппасига гуллашга кирди. Бу борада Абдубий, Сардор, Янги Ваҳим массивлари фермерлари бошқаларга ибрат кўрсатиб, меҳнат қилмоқдалар.

Бугун туманимизнинг қай бир массивига борманг, қайноқ меҳнат устидан чиқасиз. Барчанинг фикри-ёди ғўза парваришини ҳар томонлама  қизғин тус олдиришга қаратилган. Далалардаги ғўза шонаси, гули ва кўсаклар эса яратилажак мўл ҳосил нишонасидир.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий