ТАДБИРКОРЛИК УЧУН ЯНА БИР КЕНГ ИМКОНИЯТ

Ижтимоий-сиёсий

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда хусусий мулк манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай имкониятлар яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5718-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиши тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида муҳим қадам бўлди.

Албатта, ушбу виртуал қабулхонанинг ташкил этишдан мақсад тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтиришдир.

Қуйидагилар тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

— тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш;

— тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

— тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш;

— тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

— тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини тегишли давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилиши белгиланганлиги ҳам тадбиркорларда дастлабки қадамларидан бошлаб қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилганлиги юзасидан керакли тушунчаларга эга бўлишида, шунингдек ўзаро ҳамкорлик асосида қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ва камчиликларни ҳал этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишида ўз самарасини беради.

Мухтасар қилиб айтганда, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил этилиши тадбиркорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни бартараф этишда муҳим омил бўлади.

Ҳаётбек АКБАРОВ,

вилоят адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи.

Добавить комментарий