Маълумки, тадбиркорлик соҳаси мамлакатнинг иқтисодий ривожини таъминлайдиган муҳим омиллардан биридир. Шу боис ҳам, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда соҳани янада қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Янги қабул қилинаётган қонун хужжатлари билан юртимизда тадбиркорликнинг ўсиш тамойиллари, шунингдек, уларга бериладиган имтиёзлар тизими аниқ белгилаб қўйилди, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартиби тубдан янгиланди ва соддалаштирилди. Уларни жойларда ижросини тўлиқ таъминланиши эса аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.
Шаҳрихон туманида ҳам соҳага берилаётган юксак эътибор ва имтиёзларни тушуниб етган ибратли тадбиркорлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, енгилликлар бериш мақсадида жорий йилдан бошлаб солиқ сиёсатига киритилган ўзгаришлар мазкур йўналишда янада кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Эндиликда, аксарият юртдошларимиз ўз фаолиятларини кенгайтириб, қўшимча ишчи ўринларини яритишга, энг асосийси яширин фаолият юритмасликка ҳаракат қилмоқдалар. Яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, давлат иқтисодиёти ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бироқ, мавжуд имтиёз ва қулайликларга қарамай давлат рўйхатидан ўтмасдан, яширинча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Ана шу тоифадаги фуқароларни тўғри йўлга бошлаш, фаолиятини қонунийлаштириш ва келгусида ўз бизнесларини янада кенгайтиришлари учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг туман бўлими ҳам амалий ёрдам бериб келмоқда.
Асосий эътибор маҳаллаларда аҳоли, кенг жамоатчилик ўртасида тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, солиқ солиш соҳасида берилаётган имтиёзлар, фаолиятини қонуний ва эркин ташкил этишлари учун яратилаётган шароитларни тушунтириш, шунингдек, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича қилинаётган амалий ишларни тарғиб этишга қаратилаётир. Бу борада кўплаб профилактик тадбирлар, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 111 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Натижада юздан ортиқ қўшимча иш ўринлари яратилди, улар томонидан кўрсатилган хизматлардан бюджетга қўшимча солиқ ва тўловлар ҳисобланиб, ундириб олинди. Рўйхатдан ўтмасдан, ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келаётган 3 нафар шахснинг фаолиятига қонуний тус берилиши таъминланди.
Эндиликда мазкур фуқароларнинг доим қонунга риоя қилиб яшаган кишилар қатори хавотир олишига ўрин қолмади. Қинғир ишга, эгри фаолиятга қўл урмагандан кейин жавобгарликка тортилишдан қўрқишга не ҳожат. Бизнесда ҳам худди шундай. Мақсад ҳалол ишлаб, фойда олишми, мавжуд тартиб-таомилга амал қилиш керак, холос.
Зеро, тадбиркорлигимни янада ривожлантираман, рисоладагидек меҳнат қиламан, деган ишбилармонга барча имконият ва етарлича шарт-шароит мавжуд.
А.САИДАҲМЕДОВ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрихон туман бўлими бошлиғи.