Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги ижобий ўзгаришлар самараси ўлароқ, Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди.
— Мазкур комплекс биноси 1984 йилда қурилган бўлиб, жиддий таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди, — дейди бўлим мудири Наргизахон Хусаинова. – Жиҳозлар ҳам бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермасди. Ходимлар учун ҳам, даволанувчилар учун ҳам шарт-шароитлар етарли эмас эди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган юксак эътибори туфайли комплексимиз инвестиция дастурига киритилди. Капитал реконструкция ишлари учун давлат бюджетидан 12 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Биринчи навбатда бино 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ ҳисобига бутунлай замонавий ва кўркам ҳолатда таъмирланди. Туғруқхонамизга энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар келтирилди. Энди комплекс ҳудудида 60 ўринли замонавий гинекология бўлими қурилиши режалаштирилган. Бу мақсад учун 7 миллиард 400 миллион сўм маблағ ўзлаштирилади. Бунёдкорлик ишлари Рустамжон Ҳожибоев раҳбарлик қилаётган “Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан сифатли ҳолда олиб борилмоқда.
Яқинда замонавий ҳолатда таъмирланиб, мутлақо янгича қиёфа касб этган туғруқ комплексининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда туманимиз жамоатчилиги вакиллари, фахрийлар, шифокорлар иштирок этдилар.
Тантанада сўз олган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиевлар юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳақида сўз юритиб, барчани мазкур шифохонанинг қайта фаолият бошлагани билан билан муборакбод этдилар. Фахрий шифокор Муборак Алимова хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига шаҳрихонликлар номидан миннатдорчилик билдирди.
Шодиёнада туман ҳокими Ҳ.Дадахонов иштирок этди.
М.Ғозиев