Маҳалла азалдан миллий қадриятлар, эзгу амаллар маскани бўлган. Меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, тўй-маросим, хашару маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш каби халқимизга хос урф-одат ҳамда анъаналар маҳаллада шаклланган. Шунинг учун ҳам изчил ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичида маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда.
Бу эса ўз навбатида фуқаролар йиғинлари раислари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Президентимиз таъкидлаганидек, маҳаллаларнинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, «адолат тарозиси»га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши ташаббуси билан “Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фуқаролар йиғинлари раислари шахсан ўрнак бўлиши керак!” шиори остида тадбирлар бўлиб ўтди. Дастлаб, МФЙ раислари эрталабки бадантарбия билан шуғулландилар. Шундан сўнг, улар ўртасида спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича қизиқарли мусобақалар ташкил этилди.
-Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ижросини таъминлаш бўйича маҳаллаларда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Алимов. – Бу борада маҳалла раиси бошқаларга ибрат бўлиши керак. Шу мақсадда бугунги тадбирларни ўтказяпмиз.
Тадбир асносида МФЙ раислари Хонобод шаҳрига саёҳат уюштирдилар. Уларни шаҳар жамоатчилиги вакиллари кутиб олдилар. Шаҳрихонликлар Хонободдаги маҳаллалар билан ўзаро тажриба алмашдилар. Кейинги йилларда шаҳарда амалга оширилган улкан бунёдкорлик-қурилиш, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.
М.Ғозиев.