Шаҳрихон туманидаги Матҳошим қишлоғида жойлашган 43-мактабгача таълим ташкилоти (боғча) биноси 1979 йилда қурилган бўлиб, ўтган йиллар давомида анча абгор ҳолатга келиб қолган эди. Туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлиб, МТТ фаолияти билан яқиндан танишади ҳамда уни таъмирлаб, замонавий ҳолатга келтириш ташаббуси билан чиқади. Тумандаги мутасадди ташкилотлар, ҳомийлар, айниқса, маҳалла аҳли бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватладилар. Қисқа фурсатда, яъни, 10 кун ичида масканда кўзга кўринарли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, бу ерда ишловчи ходимлар ҳамда тарбияланувчи болажонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди.
— 5 та гуруҳда 125 нафар бола тарбияланаётган муассасамиз таъмирталаб ҳолатда эди, — дейди мудира Моҳигул Қосимова. – Туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан ушбу маскан замонавий қиёфа касб этди. Бино жорий таъмирдан чиқарилди, электр жиҳозлари, ром ойналари, қўрғон девор тўлиқ янгиланди. Тарбияланувчилар билан машғулот ўтказиладиган ёзги айвон, шунингдек, санузел ҳам замонавий қиёфа касб этди. Болалар учун 65 та икки қаватли ётоқ мебели, овқатланиш учун замонавий стол-стуллар келтирилди. Бундай ижобий ўзгаришлардан нафақат мураббийлар, балки, ота-оналар ҳам жуда мамнун бўлишди.
Куни-кеча мазкур мактабгача таълим ташкилотида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда дахлдор туман ташкилотлари раҳбарлари, МТТ мудиралари иштирок этдилар. Семинар қатнашчилари дастлаб бу ерда амалга оширилган қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Ж.Маматқодиров, вилоят мактабгача таълим бошқармаси шўъба мудири Г.Усмоновалар мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида бу соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимга бўлган юксак эътибор ҳақида сўз юритдилар.
Семинарда МТТларда болаларга замонавий усулларда таълим-тарбия бериш, педагог-ходимлар масъулиятини янада ошириш, маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш, муассасаларда тозалик, санитария қоидаларига қатъий амал қилиш, болаларни соғлом ва тўғри овқатлантириш, 5 та ташаббус ижроси юзасидан қилинаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш бўйича долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Рустамбек АРАББОЕВ.