ЎЗБЕКИСТОНДА САЙЛОВ КОДЕКСИГА ЭҲТИЁЖ БОРМИДИ ?

Ўзбекистон

Маълумки, жорий йилнинг 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги 544-сонли қонуни қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, ушбу кодекснинг қабул қилиниши сайлов қонунчилигидаги бир қатор муаммоларни ҳал қилиш билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги сиёсий-ҳуқуқий имиджини оширишга хизмат қилди.

Фикримизни асослаш учун қуйидаги мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашишни лозим топдик.

Мамлакатимизда Сайлов кодекси қабул қилингунига қадар сайловни тартибга солувчи субъектларнинг ва улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг кўплиги, норматив ҳужжатларда такрорланишлар ҳамда бир маротабалик нормалар мавжудлиги ўзаро зид нормаларни, битта нормани жорий этилиши кўплаб ҳужжатларга ўзгартириш киритиш заруриятини келтириб чиқарар эди.

Кодекс қабул қилингунига қадар сайловни тартибга солувчи жами 91 та ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шундан 21 таси бевосита сайлов тизимини тартибга солади. Шунингдек, сайлов кампанияси давомида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссия томонидан қўшимча қарорлар ҳам қабул қилинар эди.

2019 йилга қадар “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунларга ўндан ортиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.

Шунингдек Сайлов кодекси қабул қилингунига қадар ушбу соҳани тартибга солувчи қонунларда битта норманинг кўплаб такрорланиш ҳолатлари мавжуд эди. Жумладан, сайлов фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри овоз бериш орқали яширин овоз бериш йўли билан, очиқ ва ошкора ўтказилиши, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги ҳамда сайлов ҳуқуқига 18 ёшга тўлган фуқаролар эгалиги ёки овоз  беришнинг яширин равишда амалга оширилши 6 та қонунда белгилаб қўйилган.

Марказий сайлов комиссияси мамлакатимизда сайловни тартибга солувчи доимий орган ҳисобланади ва унинг ваколатлари “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Олий Мажлисга сайлов тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида”ги қонунларда такрорланган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларда бузиб қўйилган сайлов бюллетени тақдири ва овоз беришнинг қачон бошланиши келтирилган, лекин Президент сайловида бу ҳақда хеч нарса кўрсатилмаган.

Қисқа қилиб айтганда сайлов билан боғлиқ мавжуд қонунчиликни ислоҳ қилиш объектив заруриятга айланиб қолган эди.

Ушбу Қонуннинг шуниси аҳамиятга эгаки, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилингач сайлов жараёнлари ва у билан боғлиқ муносабатлар сайлов кодекси билан тартибга солиниб, сайлов билан боғлиқ барча нормалар битта ҳужжатда ўз аксини топди. Сайловлар умумий тамойил асосида олиб борилиши, ўзгартиришлар маълум субъектлар орқали кодексга киритиш орқали амалга оширилиши, асосий қонунда белгиланган нормалар бошқа ҳужжатларда такрорланмаслиги таъминланди.

Барча сайловларда учрайдиган сайлов олди ташвиқоти, ишончли вакил, сайловчи, округ сайлов комиссияси, участка сайлов комиссияси, кузатувчи ва халқаро кузатувчилар асосий тушунчалар сифатида аниқ белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қонунчилик билан тартибга солиш имкони пайдо бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад битта — қонун устуворлигини таъминлаш, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.                                                   

САРВАРБЕК ҚОБИЛЖОНОВ,

Шаҳрихон  тумани  адлия

бўлими бош маслаҳатчиси

Добавить комментарий