Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг янада юксалишида асосий ўринни эгаллашини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларимизни китобга бўлган қизиқишларини оширишга катта аҳамият қаратилмоқда. Бу борада кутубхоналарнинг ўрни беқиёслиги шубҳасиздир.
Яқинда Шаҳрихон туманидаги Назармаҳрам қишлоғида янги кутубхона очилди. Бўш турган, қаровсиз бино ўрнида қисқа фурсатда замонавий ва кўркам зиё маскани қад ростлади. Мазкур кутубхонага туман халқ таълими бўлими томонидан 24 миллион сўмлик 2 мингдан зиёд бадиий адабиётлар туҳфа қилинди. Шунингдек, маскан энг замонавий услубда жиҳозланди. 5 та сўнгги русумдаги компьютер жамламаси билан таъминланди. Ўқув зали бир пайтнинг ўзида 30 нафар китобхонга хизмат кўрсатади.
— Ушбу кутубхонанинг очилишида 2-сектор раҳбари, туман прокурори С.Соҳибовнинг амалий ёрдами катта бўлди, — дейди ахборот-ресурс маркази ходими Зебохон Жўраева. — Китоб фондимиз кундан-кунга ортиб бораётгани жуда ҳам қувонарлидир. Бундан ташқари 36 мингдан зиёд электрон китоблар ва юздан ортиқ овозли аудио дисклар ҳам мавжуд. Бу зиё масканидан Назармаҳрам қишлоғи ҳудудидаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаси, умумтаълим мактаблари жамоалари, шунингдек, 4 та маҳалла аҳолиси бемалол фойдаланиши мумкин.
А.БОЗОРБОЕВ.