ИЗЛАНУВЧАН МУАЛЛИМА

Жамият

Малоҳатхон Ярқулова ўн беш йилдирки, туманимиздаги 29-умумтаълим мактабида ёш авлодга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келмоқда. У Андижон Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини аъло баҳоларга тамомлаган. Изланувчан педагог ҳар бир дарсни ноанъанавий усулларда, замонавий педагогик технологиялар асосида ўтишга интилади. Шунинг учун ҳам  унинг ҳар бир дарсини ўқувчилар мароқ билан тинглашади.

М.Ярқулова муассасада бўлиб ўтадиган турли маданий-маърифий тадбирларга бошчилик қилади, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтиши учун интилади. Мактабда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Унда жонкуяр педагог ва унинг ўқувчилари фаол иштирок этдилар.

Яқинда бу фидойи муаллима 5-“Б” синфда «Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди» мавзусида очиқ дарс ўтди.  Унда мактаб раҳбарияти ва бошқа педагоглар иштирок этдилар. “Бахт куйчиси” номини олган улуғ шоир ижоди ҳақидаги қизиқарли маълумотлар барчага манзур бўлди.

— Она тили-миллатнинг руҳи, — дейди М.Ярқулова. – Тилимиз қонун билан ҳимоя қилинадиган тимсоллардан биридир. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги нафақат юртимизда, балки, жаҳон миқёсида ҳам  кенг нишонланди. Айниқса, Президентимизнинг шу йил 21 октябрь куни қабул қилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, жуда ҳам қувондим. Ёшларимизга тилимизга бўлган муҳаббат, ҳурмат, унинг беқиёс бойлигини сингдириш борасидаги ишимизни янада кучайтирамиз.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий