Шаҳрихон туманидаги 63-умумтаълим мактабида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш юзасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, туман халқ таълими бўлими мутахассислари, мактаб директорлари иштирок этди.
Семинар иштирокчилари дастлаб муассасада 5 ташаббус ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, янги очилган «Book Cafe» фаолияти билан танишдилар. Ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган «Book Cafe» барчада катта қизиқиш уйғотди. Китоб токчаларини тайёрлашда ноанъанавий усуллардан фойдаланилган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида бу ерга кириб, бир пиёла чой ёки қаҳва ичиб, ўзлари ёқтирган китоб ва матбуот нашрларини мутолаа қилишлари мумкин.
Шу куни мактабда китоб акцияси ҳам ўтказилди. Туман ҳокимлиги, ҳомийлар ҳамда мазкур муассасада таҳсил олган собиқ ўқувчилар томонидан янги «Book Cafe»га 400 дан ортиқ китоб совға қилинди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Ж.Маматқодиров иштирок этиб, 5 та муҳим ижобий ташаббус доирасидаги тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, бунда келажагимиз эгаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ҳар бир муассасада «Book Cafe»лар ташкил этиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритди.
Рустамбек АРАББОЕВ.