Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида шу йил 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини изчиллик билан таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Шаҳрихон ва Бўстон туманларида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, вақтинча ишсиз ёшларга мавжуд боғ оралари озиқ-овқат маҳсулотлари экинлари экиш учун тақсимлаб берилмоқда. Шу кунга қадар 300 га яқин мана шундай оилалар ва ёшлар вакилларига ўртача 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Айни кунларда бу майдонларга экин экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Бугун Шаҳрихон ва Бўстон туманларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қилинаётган ишларни ўрганди.
Ушбу жараёнда депутат томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ўз томорқаларига экиш учун 10 минг тупдан ортиқ помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари ҳомийлик асосида тарқатилди.