АЁЛ САЛОМАТЛИГИ – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Саломатлик

Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келиши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам аёлларнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади. Репродуктив саломатлик бу, тўлиқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий муваффақиятлар гаровидир. Репродуктив саломатликка эришиш учун қизларга болалигидан жиддий аҳамият қаратишимиз керак. Яъни, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, тўғри овқатланиш, меҳнат ва дам олишни оқилона ташкил қилиш, зарарли одатлардан воз кечиш, турли стресс ҳолатларидан сақланиш (кучли ҳаяжон, қўрқув), шикастланишдан эҳтиёт бўлиш, доимий акушер-гинеколог назоратидан ўтиб туриш.
Мутахассисларнинг ҳулосаларига кўра, оила қуришга энг қулай давр қизлар учун 20-25, йигитлар учун 24-30 ёш энг мақбул ҳисобланади. Уларнинг ёшлари орасида фарқ 3-6 ёшгача бўлгани маъқул. Аввало, йигит ва қизларимиз турмуш қуришларидан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бу туғма ва ирсий касалликларнинг олишда муҳим аҳамиятга эга. Тиббий текширувлар никоҳланувчи шахслар учун бепул ўтказилади.
Шу ўринда ушбу касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин. Фарзанд кўриш учун мақбул давр 20-30 ёш ҳисобланади. Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш туғиш жараёнида она ва боланинг соғлиғига хавф солиш мумкин.
Ҳомиладорлик даврида аёллар ўз саломатлиги ва ҳомиласини асраши керак. Бунинг учун:
-Ҳар бир ҳомиладорлик исталган бўлиши;
— ҳомиладорлик даврида фақатгина шифокор тавсиясига амал қилиш;
— тўғри овқатланиш;
-ўз вақтида дам олиш;
— кун тартиби ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий риоя қилиш шарт.
Ҳомиладорлик давридаги тиббий кузатувлар она ва бўлажак фарзанднинг соғ-саломат бўлишини таъминлайди. Ёши 35 ёшдан, ундан юқори бўлган аёллардаги ҳомиладорлик нафақат онанинг, балки, туғилажак фарзанд учун ҳам хавфлидир. Чунки, ушбу ёшдаги аёлларда ички аъзолар касалликлари (камқонлик, эндокрин, юрак қон-томир, буйрак ва бошқа хасталиклар) кўп учрайди.
Келгусида яна соғлом фарзандни дунёга келтиришни хоҳлаган аёл туғруқ оралиғидаги муддатни 3-4 йилдан кам бўлмаслигига эътибор бериши керак. Бунинг сабаби, аёл саломатлиги тўлиқ тикланади, фарзандини тўлақонли кўкрак сути билан боқиш имконияти туғилади, бола парваришига вақт бемалол бўлади, у соғлом ўсади, оиладаги иқтисодий ва руҳий муҳит яхшиланади.
Она ва боланинг соғломлигини оиладаги муҳит, тотувлик, бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш, ўзаро иззат-ҳурмат белгилашини унутмайлик!

М.РАСУЛОВА,
туман “Саломатлик маркази” бўлим мудири.

Ушбу мақола Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб — қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Соғлом оила-соғлом жамият гарови» лойиҳаси асосида тайёрланди.

Добавить комментарий