Азалдан ота-боболаримиз оилани муқаддас қўрғон деб билиб, уни асраб-авайлашга, мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлар. Чунки, у жамиятнинг мўъжаз кўринишидир. Агар у эзгу, инсоний туйғулар, соф муҳаббатга асосланган бўлса, унда тотувлик ва бахтиёрлик ҳукма суради. Оиладаги тинчлик, осойишталик, ўзаро ҳурмат жамият ривожининг асосий омилларидан биридир. Бироқ, “муқаддас қўрғон”га дарз кетса, унда парокандалик юз берса, ўз навбатида бу жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади, ривожланиш оқсайди, алал-оқибат таназзул юз бериши мумкин. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қадимдан юртимизда оиланинг мустаҳкам, соғлом бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.
Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда оила масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият берила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оилага бағишланган бўлиб, унинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб белгилаб қўйилганлиги ҳам бежиз эмас.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тараққиётнинг янги босқичида оилани мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга бўлган эътибор янада кучайди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фикримизнинг ёрқин мисолидир. Бироқ, бугунги кунда оилаларда турли низо ва келишмовчиликлар юз бераётгани, арзимас можаролар туфайли эр-хотин ўртасида ажралишлар содир бўлаётгани, норасида гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолаётгани ҳар биримизни ташвишга солмай қўймайди. Хўш, бундай нохуш ҳолатларнинг асосий сабаблари нималардан иборат? Бу саволга мутахассислар жавоб бериб, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан турмуш қуриши, эр-хотиннинг иш ахтариб, ноқонуний равишда чет элларга кетиши, оилада маънавий-ахлоқий муҳитнинг бузилиши, қайнона-келин муносабатлари, эр-хотиннинг шахсий ҳаётига бошқа шахсларнинг асоссиз аралашуви, аҳоли ўртасида оила-никоҳ ҳақидаги билимларнинг етарли эмаслиги, миллий қадриятларга беписандлик, гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш асосий омиллар эканлигини таъкидлашмоқда.
Юртимизда оиланинг бузилишига салбий таъсир этадиган иллатларни бартараф этиш борасида кўпгина амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, оилани муқаддас билиш, уни мустаҳкамлаш, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ёмон одатларга қарши курашиш бўйича тадбирлар давра суҳбатлари ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари ходимларининг учрашувлари, оқсоқоллар, кайвони онахонлар насиҳатлари орқали амалга оширилаётир.
Халқимизда соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, деган пурманъо ибора мавжуд. Аёллар соғлиғини сақлашга эътибор давлатимизнинг ҳар доим диққат-марказида бўлиб келмоқда. Буни никоҳланувчи шахсларнинг тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари, туғуруқдан аввал ва ундан кейин аёлларга меҳнат таътили берилиши, 3 ёшгача фарзанди бор оналарга бола парваришлагани учун ана шу йилларни меҳнат стажига кўшиб ҳисобланиши билан изоҳлаш мумкин.
Лекин, бошка сабаблар ҳали барҳам топмагани туфайли кейинги йилларда оилавий ажралишлар камаймаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бу ўринда ёшларнинг оилавий ҳаётга етарли тайёр бўлмай туриб, турмуш қуришининг айрим жиҳатларини мисол қилиш мумкин. Менимча, йигит ҳам, қиз ҳам оила қуришдан аввал маълум бир касб-ҳунар эгаси ёки бирор соҳанинг етук мутахассиси бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Афсуски, бирон жойда ишламайдиган, пешона тери билан бирон сўм ҳам пул ишлаб топмаган йигит ёки қизнинг оилавий ҳаётнинг туб маъносини тўла англаб етишига ва оиланинг қадрлашига ишониш қийин.
Шу ўринда бундан бир неча йил олдин содир бўлган бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. М. исмли йигитнинг отаси тасодиф туфайли ҳаётдан эрта кетди. Уни онаси халқ таъбири билан айтганда, “бир кўз” билан, бировга зориқтирмай катта қилди ва ўртоқларидан олдинроқ уйлаб ҳам қўйди. Ёш оилада фарзанд туғилди. Келиннинг телефонига бегона киши янглишиб қўнғироқ қилгани ўта рашкчи йигитга ажралиш учун асос бўлиб қолибди.
Онанинг ёлвориши, умид билан бир ёстиққа бош қўйган ёшгина аёлнинг кўз ёшлари йигитга мутлақо таъсир этмасди. Оқсоқоллар насиҳат қилишди, маҳалла фуқаролар йиғини идорасига чақиртирилиб, куёв билан суҳбатлашилди, лекин унинг жавоби битта эди:
-Барибир, ажрашаман!
Ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида 40 йилга яқин фаолият кўрсатиб, йиллар давомида турли феъл-атвордаги одамлар билан ишлаш натижасида тўплаган тажрибаларимиз қўл келди. Биз бу йигитни қачон мактабни битиргани, кимлар билан синфдош эканлиги ва улардан қайси бирлари билан қалин дўстлигини аниқладик. Маълум бўлишича, у 6 нафар синфдоши билан ниҳоятда яқин ўртоқ экан.
Маҳалла идорасига ана шу 6 нафар йигит чақирилди ва уларга М.нинг оиласи бузилиш арафасига келиб қолгани ва бунга йўл қўймаслик учун ёрдам зарурлиги уқдирилди, керакли маслаҳатлар берилди.
Ўртоқлари юқорида келишиб олинганидек, кун оралаб навбатма-навбат куёв билан суҳбат ўтказа бошлашди. Мулоқот борган сайин жиддийлашди. Бешинчи йигит масалани кўндаланг қўйди:
-Сени отасиз ўстирган онангни ўйламайсанми, хотинингни нима айби бор, агар у билан ярашмасанг, биз билан дўстлик алоқасини узишингга тўғри келади.
Бу сўзлар йигитга таъсир қилди ва у оиласини тиклашга рози бўлди. Шундай қилиб, бир нохушликнинг олди олинди. Ҳозир уларнинг шириндан-шакар тўрт фарзанди бор, бахтли ҳаёт кечиришмоқда.
Айрим вақтларда фуқароларнинг оила соҳасида етарли билимга эга бўлмаслиги, яқинларнинг ёш оилалар ҳаётига ҳуда-беҳуда аралашишлари ҳам турли кўнгилсизликларга сабаб бўлмоқда.
Яқинда бир хонадонда қайнона ўғлининг хотини билан ажралишига жидду-жаҳд билан, қатиқ туриб олди.
У, ҳатто, ўғлига агар менинг айтганимни қилмай, хотининг билан ажрашмасанг, берган сутимга рози эмасман, деган талабни қўйди. Онанинг бу фикридан қайтариш учун бизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” деган рисоласи ёрдам берди. Китобнинг 399- бетидаги қуйидаги сатрлар онани ўғли билан келинини ажратиш тўғрисидаги нотўғри фикридан қайтарди. Биз ана шу сатрларни айнан кўчириб, сизнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз:
“Баъзи ота-оналар бўлар-бўлмасга ўз фарзандларини оқ қилишга шошиладилар. Яна бошқалари Аллоҳ таолонинг иродасига қарши бўлган ишларда болалари узр айтсалар ҳам “Оқ қиламан” деган дўқ-пўпсаларни қилишдан тап тортмайдилар. Бунга мисол тариқасида “хотинингни талоқ қилмасанг, оқ қиламан” дейишлари киради. Баъзан ота-оналар орасидаги низоларда ҳам фарзандлар зулмга қолади.
Ота: “онангни кечмасанг, сендан рози эмасман” деса, она: “отангдан юз ўгирмасанг, оқ қиламан” деб туриб олади. Бунда фарзандларни гуноҳга ундаш билан бирга ўзлари ҳам қаттиқ гуноҳга гирифтор бўладилар.
Ҳар ким ўз чегарасини билиши ва ўша чегарада туриши лозим. Бунинг учун динимиз таълимотларини пухта ўрганиб бориш керак.”
Мавриди келганда айтиб ўтиш жоизки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олишга бағишланган “Оила-фароғат қасри”, “Никоҳ, оила, идда китоби” деган асарларида жуда кўп фойдали фикрларни баён қилган эди.
Ана шу китобларда баён этилган фикрлар ва янги мулоҳазаларни қўшган ҳолда Ҳазрат 2012 йилда “Бахтиёр оила” деган асарини нашр эттирди. Бу асарга эҳтиёж кўпайиб кетгани сабабли 2017 йилгача ҳар йили бу асар кўплаб нусхада чоп этилди. Бизнингча, бу китоб ҳар бир оилада бўлиши шарт. Сабаби, унда куёв, келин, қайнота, қайнона ва яқин қишиларнинг оилада тутган ўрни, мавқеи тушунарли ва қизиқарли тарзда тасвирлаб берилган.
Яқинда Сохиобод маҳалласида шу китоб асосида тайёрланган бир тадбир ўтказилди. Унга туман ҳокимлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши вакиллари, имомлар, маҳалла фаоллари, намунали оилалар соҳиблари, шунингдек, қайнона ва келин ўртасидаги низо сабабли отасиникига кетиб колган уч нафар келинларнинг оналари, қайноналари таклиф этилди. Йиғилишда турли можаролар туфайли ота уйига кетиб қолган келинларнинг оналари ва қайноналари ҳақида ҳеч қандай гап-сўз қилмасликка келишиб олинди.
Махсус тайёрланган фаоллар, тумандан келган вакиллар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китобидаги рисоладаги куёв, рисоладаги келин, оилада қайнона-келин муносабатлари, қайнотанинг оиладаги ўрни ҳақида қизиқарли фикрларни баён қилишди.
Маҳалла имомининг суҳбати эса ниҳоятда таъсирли бўлди. У оила Одам ато ва момо Ҳаводан инсониятга қолдирилган буюк мерос эканлигини, Қуръон ва ҳадислар орқали оилани мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси орқали ҳар бир одам савобга дахлдор бўлиши, агар бирорта оила асоссиз бузиладиган бўлса, Яратганга хуш келмаслиги Арши каби фикрларни алоҳида таъкидлади.
Йиғилиш сўнггида сўзга чиққан 5-6 нафар катта ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон ва онахонлар бугунги йиғин фойдали бўлгани, бундан кейин оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олишга бурчли эканликларини таъкидлашди.
Тадбир тугаши асносида МФЙ раиси аразлашган қайноналарни залда қолишлари зарурлигини баён қилди ва улар билан алоҳида суҳбат жараёнида фарзандларининг кейинги тақдири ҳақидаги фикрларини сўради.
Уларнинг барчаси келин-куёвларнинг оиласини тиклашга ваъда беришди. Масъул вакиллар ана шу уч оилага бориб, келишмовчиликларни бартараф этиб, келин ва куёвларни яраштириб қайтишди.
Ёшларнинг ишлаш учун чет элларга бориши ҳам баъзи оилаларнинг дарз кетишига сабаб бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Меҳнат қилаётган одам юртимизда ночор яшаётгани йўқ. Улар ҳам оиласини кўнгилдагиек тебратмоқда ва шу билан юрт равнақига ҳисса қўшишмоқда. Ишлайман деган одам учун ўзимизда иш топиш қийин эмас. Канча қурилишлар бўляпти, тадбиркорлик билан шуғулланишга бел боғлаганларга имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Озгина томорқаси бор деҳқон, ҳунари бор косиб ёхуд дурадгор бинойидек турмуш кечираётир. Шундай экан, ноқонуний равишда хорижга бориб, овораю сарсон бўлиш шартмикан?!
Хулоса қилиб айтганда, оила мустаҳкамлигини, соғломлигини таъминлашга ҳар бир фуқаро масъулият билан қараши зарур. Зеро, оила муқаддас қўрғон экан, унинг пойдевори янада мустаҳкам бўлишида ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, кўпни кўрган отахонлару, кайвони онахонларнинг кўп йиллик тажрибалари, панду насиҳатлари жуда ҳам зарур эканлигини унутмаслигимиз даркор.
Бўтабой ИСМОНОВ,
меҳнат фахрийси, Сохиобод қишлоғи.
Ушбу мақола Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб — қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Соғлом оила-соғлом жамият гарови» лойиҳаси асосида тайёрланди.