ЮРТДОШЛАРИМИЗ СОҒИНГАН УЛОҚ-КЎПКАРИ

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек Араббоев

Ўтган ҳафтанинг сўнгги куни — 9 декабрда мамлакатимиз миқёсида қишлоқ хўжалик ходимлари куни кенг нишонланди. Сана муносабати билан жойларда турли спорт мусобақалари, кўрик-танловлар уюштирилди.

Фото: Рустамбек Араббоев

Ана шундай байрам тадбирларидан бири Улуғнор туманидаги Обод маҳалла ҳудудида бўлиб ўтди. Бу ерда халқимизнинг қадимий ва навқирон миллий ўйинларидан бири  ҳисобланмиш улоқ-кўпкари ташкил этилди. Унда водийимиз вилоятларидан ташқари, Тошкент шаҳри ва вилояти, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон Республикаларидан келган чавандоз-полвонлар иштирок этдилар.

Фото: Рустамбек Араббоев

Тадбирни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов очди ва қатнашчиларга беллашувларда омадлар тилади. Шундан сўнг, ўзи от миниб, улоқни даврага ташлади. Шу тариқа мусобақага старт берилди.

Фото: Рустамбек Араббоев

Миллий ўйинимиз кескин ва муросасиз курашлар остида кечди. Ҳар бир чавандоз ўз вилояти, мамлакати шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун астойдил курашди. Пировардида Андижон тумани, Бўтақора қишлоғидан Сулаймон полвон, қўшни Қирғизистон Республикаси, Жалолобод вилоятидан Эргаш полвонлар ғолиб бўлишди. Асака тумани ва Наманган вилоятидан келган чавандозлар 3-ўринга лойиқ, деб топилдилар. Уларга КОБАЛТ, СПАРК автомобили ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, мусобақада муносиб иштирок этган чавандозлар вилоят ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган қимматбаҳо эсдалик совғалари соҳиби бўлдилар.

 

Аббос ЙЎЛДОШЕВ,

«Шаҳрихон» мухбири.

Добавить комментарий