ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Бугун мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бутун дунё ҳамжамияти эътироф этаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, катта бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Халқимиз турмуш маданияти ва фаровонлиги кун сайин юксалиб бормоқда. Албатта, эришилаётган бундай улкан ютуқларда жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг ўрни беқиёсдир. Осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда эса миллий армиямизнинг аҳамияти катта.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Бу йил мустақил Ўзбекистонимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганига 27 йил тўлди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжат асосида мамлакатимизда 2018 йил 15 декабридан жорий йил 15 январга қадар ҳарбий ватанпарварлик ойлиги ўтказилди.

Туманимизда ҳам “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ойлик доирасидаги тадбирлар уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Барча маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, офицер ва ҳарбий хизматчилар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Турли ҳарбий-спорт мусобақалари, кўрик-танловларда юзлаб шаҳрихонлик ёшларнинг фаол иштироки таъминланди. Туманимиздаги академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида ўтказилган “Мардлик ва жасорат” мавзусидаги дарслар ўқувчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

14 январь куни туманимиз марказида “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ҳарбий парад уюштирилди. Унда туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, туман мудофаа ишлари бўлими вакиллари, ташкилот ва корхоналар, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилди.

Шундан сўнг майдонга тантанавор мусиқа садолари остида  туман халқ таълими, мактабгача таълим, ўрта махсус касб-хунар таълими муассасалари жамоалари кириб келди. “Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрихон автомобиль мактабига қарашли ҳарбий ва спорт автомобиллари, отлиқлар намойишини иштирокчилар катта олқишлар билан кутиб олдилар.

Миллий гвардия, вилоят, туман ички ишлар идоралари ходимларидан иборат ҳарбийлаштирилган колонналар, ҳарбий техникалар юриши барчага олам-олам завқ-шавқ улашди. Улар томонидан намойиш этилган ҳарбий-спорт машқлари, жанговар тайёргарлик кўринишлари шаҳрихонликларда катта таассуротлар қолдирди. Айниқса, ҳарбий оркестрнинг куйлари қалбларга сурур ва ғурур бағишлади.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

— Очиғи, туманимиз тарихида бундай тадбир бўлганини эслай олмайман, — дейди меҳнат фахрийси Мухторжон Отабоев. —  Тадбирдаги чиқишларни кўриб шунга амин бўлдимки, бугун юртимизда ҳақиқий ватанпарвар, мард ва жасур авлодлар камолга етмоқда. Улардаги шижоат, кўзларида порлаган учқун мустақил давлатимиз ишончли қўлларда эканлигидан далолатдир.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

“Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тадбир 10-сон мусиқа ва санъат мактабида давом этди. Тантанада сўз олган туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов барчани байрам билан самимий табриклади. Шундан сўнг миллий армиямиз сафларида ўз хизмат бурчини намунали тарзда ўтаётган бир гуруҳ шаҳрихонлик аскарларнинг оналарига туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Туман маданият бўлими “Чашма” ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари ҳамда 58-умумтаълим мактаби бадиий ҳаваскорлари томонидан  тайёрланган концерт дастури тадбирга ўзгача файз киритди. Она-Ватанни, истиқлолни мадх этувчи қўшиқлар, дилрабо рақслар барчага манзур бўлди.

*  *  *

Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва “Ватанпарвар” Шаҳрихон автомоблиь мактаби ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ҳарбий амалий кўпкураш мусобақаси ташкил этилди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

 

Мусобақа иштирокчилари сафда юриш, турникда тортилиш, ўқ отиш ва ҳарбий қуролларни йиғиш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

— Бундай тадбирлар ёшларни миллий армиямиз сафларига тайёрлаш, уларни жисмонан бақувват ва соғлом бўлишларида  катта аҳамият касб этади, — дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрихон автомобиль мактаби бошлиғи ўринбосари И.Худойбердиев.

Мусобақа якунида ғолиблар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

*  *  *

Байрам муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши фаоллари туманимизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари хонадонларига ташриф буюрдилар. Уларга ташкилотнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари туҳфа қилинди.

Ўз навбатида фахрийлар ёшларга урушнинг машаққатлари, суронли йиллар  хотираларидан сўзлаб,  тинчлик-осойишталикнинг бебаҳо неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш зарурлигини уқтирдилар.

* * *

“Ватанимга, Президентимга ва халқимга содиқ фарзанд бўламан!”

“Ватанни севмоқ иймондандир!” мавзусида ўтказилган байрам тадбири аввалида 15-давлат мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ана шундай тантанали қасамёд қилдилар.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

         Тадбирда муассаса мудираси Т.Абдуллаева барчани қутлуғ айём билан табриклади. Сўнгра жажжи кичкинтойлар “Мен ҳам аскар бўламан!” қўшиғини ижро этган ҳолда ҳарбий формаларда шахдам қадамлар билан иштирокчиларнинг гулдурос қарсаклари остида саҳнага чиқдилар. Улар томонидан ижро этилган шеър ва қўшиқлар ота-оналарга жуда манзур бўлди. Айниқса, саҳна кўринишлари ҳамда турли миллат вакилларининг рақслари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, туманимизда Ватан ҳимоячилари куни уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда нишонланди.

Шаҳрихон тумани

 

Добавить комментарий