Ватанни севиш, қадрлаш, унинг сарҳадлари дахлсизлигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, ўз халқи тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш, зарур бўлса, жонини фидо этиш ҳар бир инсон учун шарафли бурчдир. Тарихга назар ташласак, кўплаб аждодларимиз киндик қони тўкилган тупроқни муқаддас билиб, юртимиз озодлиги, ҳурлик ва эркинлик учун матонат билан кураш олиб борганлар. Уларнинг ватанпарварлиги, довюраклиги, жасорат ва матонати бугунги авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Мамлакатимиз истиқлолга эришгандан сўнг замонавий, профессионал миллий армиямизга эга бўлдик. Қуролли Кучларимиз сафини малакали ва маҳоратли офицер ҳамда хизматчилар билан тўлдириш ва такомиллаштириш босқичма-босқич изчиллик билан амалга оширилди. Армиямиз соғлом, бақувват, метин иродали, доимо Ватан ҳимоясига шай турувчи ўзбек ўғлонлари билан шаклланди. Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини терроризм, экстремизм, сепаратизм каби иллатлар жиддий ташвишга солмоқда. Бу эса ўз навбатида барчани огоҳ ва ҳушёрлик бўлишга ундайди. Ана шу жиҳатларга кўра Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳнамолигида тараққиётнинг янги босқичида Қуролли Кучлар тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ёшларимиз учун ҳақиқий шон-шараф ишига айланди. Ҳарбий хизматга соғлом, маънавий етук, билимли, жисмонан бақувват йигитларни танлаб олишга жиддий аҳамият қаратилмоқда. 2009 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирув йилига бир марта, фақат баҳор фаслида ўтказиладиган бўлди. Ёшларни миллий армиямизга тайёрлаш ва жўнатиш тест танлови асосида балл тўплаш усулида амалга ошириляпти. Унда энг аввало, чақирилувчиларнинг оилавий шароити ўрганилиб, сўнгра соғлиғи, жисмоний тайёргарлиги, интеллектуал салоҳияти, ижтимоий ҳолати ва шахсий мослашуви имкониятлари аниқланиб, тегишли балл бериляпти. Шу билан бирга, мамлакатимизда сафарбарлик чақируви резерви хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унда ёшлар, бир ойлик ҳарбий ўқув машғулотларида жисмоний кўникмага эга бўлмоқдалар.
Юртбошимизнинг соҳага бўлган юксак эътибори туфайли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ижтимоий-маиший шароитларни яна ҳам яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаган аскарлар учун берилган имтиёзлар уларнинг ҳаётда ўз ўрниларини топишларида муҳим аҳамият касб этаётгани жуда ҳам қувонарлидир.
Қуролли Кучларимиз нуфузини янада ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллик билан бажарилишига туман мудофаа ишлари бўлими ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Шу кунларда бўлимимизда ёшларни чақирув мавсумига тайёрлаш жараёни қизғин давом эттириляпти.
Қувонарлиси шуки, шаҳрихонлик аскарлар хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий қисмлар командрлари номидан туман ҳокимлиги, туман мудофаа бўлими ва ота-оналар номига кўплаб миннатдорчилик мактублари келмоқда. Жумладан, яқинда Баркамол авлод МФЙда яшовчи Баҳодир Назиров, найнаволик Илҳомжон Мамасолиевларга фарзандлари хизмат қилаётган Жиззах ва Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан ташаккурнома келди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, бундай эътироф ҳар бир ота-она учун катта шараф ва бахтдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёев ўтган йил якунида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар қаторида Қуролли Кучларимиз олдидаги долзарб вазифалар ҳам алоҳида тилга олинди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг жангавор салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим.
Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш керак…
Яна бир муҳим масала. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиб, давлатимиз чегара хавфсизлигини кучайтириш ва назорат сифатини ошириш лозим.
Қуролли Кучларимизда жангавор руҳни юксалтириш, аскар ва офицерларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга эътиборни янада кучайтиришимиз керак”, — дея алоҳида таъкидлади. Албатта, бу сўзлар келгуси фаолиятимизда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, йил сайин тараққий топиб, жаҳон ҳамжамиятида ўрни ва нуфузи юксалиб бораётган мамлакатимизнинг куч-қудратли армияси сафида метин иродали, мард, жасур ўзбек ўғлонлари бор экан, ҳеч ким, ҳеч қачон юртимизга таҳдид сола олмайди. Бир сўз билан айтганда, Ватанимиз ҳимояси — ишончли қўлларда!
Фурсатдан фойдаланиб, уруш фахрийлари, фронторти фидойилари, офицер ва хизматчилар, ўз қасамёдига содиқ аскарларни ҳамда барча ҳамюртларимизни қутлуғ байрам билан муборакбод этаман!
Ойбек УМЕДОВ,
туман мудофаа ишлари
бўлими бошлиғи.