ИНСОН ВА ЖАМИЯТ МАНФААТЛАРИ — УСТУВОР

Ижтимоий-сиёсий
Фото: shahri.uz

Мамлакатимизда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда ҳам бу соҳада ўтган йил давомида муайян ишлар ишлар қилинганини таъкидлаш жоиз. Айниқса, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ижросининг сифатли ва аниқ бажарилиши таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Туман прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини қабул қилиш ва ҳал этиш юзасидан ҳафтанинг жума кунлари маҳаллалар кесимида учрашувлар ўтказиш жадвали ишлаб чиқилди. Унга асосан  амалий мулоқотлар уюштирилиб, 34 та тадбиркорлик субъекти муаммолари ижобий ҳал этилиши учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Туман прокуратураси томонидан соҳа мутахассислари билан ўтказилган текширишда аниқланган 30 та бўш турган бино ва ер майдонларидан 2 таси “ноль” қийматида  тадбиркор бўлиш истагини билдирган фуқароларга олиб берилди. Қолган биноларни келгусида тадбиркорлик субъектларига тегишли тартибда расмийлаштириш учун тўпланган ҳужжатлар жамланиб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги махсус комиссияга тақдим этилди ва унинг ижроси назоратга олинди.                    Шунингдек, 4 нафар ҳунармандга тижорат банкларидан 311 млн. Сўм миқдорида имтиёзли кредит, “Гавҳар кўз нури” МЧЖга фойдаланилмай турган бинони “ноль” қийматида, 16 нафар тадбиркорга савдо терминаллари олиб берилишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Туман ҳокимлиги ва масъул идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, фаолияти тўхтатилган ва тугатилган 491 та тадбиркорлик субъекти жойлашган манзилларга борилиб, улар билан юзма-юз суҳбат ўтказилмоқда. Бунинг натижасида 9 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди. Қолганлари билан ҳам амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг. 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилди.  Бу борада ҳафтанинг пайшанба куни ўтказиб келинаётган “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари ўз самарасини бераётир. Содир этилган ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиши  сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида шу куннинг ўзида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда жойида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб бориш йўлга қўйилди.

Туман прокуратураси томонидан ўтган йил давомида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда, ташкилот ва таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, янги қабул қилинган Қонунларни аҳолига етказиш мақсадида 236 маротаба тадбирлар ўтказилди. Туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва жиноятларни фош этиш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг 215 тасига, шунингдек, 10 та кўп қаватли уй-жойга            кузатув камералари ўрнатилди.

Туман ички ишлар бўлими ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўтган давр мобайнида 26 мингдан ортиқ хонадон  ўрганилиб, 354 нафар паспорт-виза тартиб-қоидаларини бузган, 56 нафар доимий ёки вақтинча яшаш тартибига риоя қилмаган  шахслар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Ҳудудларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, намунали жамоат тартибини сақлаш мақсадида 76 та патруллик йўналиши ташкил этилгани ўзининг ижобий самарасини кўрсатяпти.

Амалга оширилаётган бундай тадбирлар натижасида туманимизда умумий жиноятчилик 2017 йилга нисбатан 58 тага камайган. Шунингдек, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, товламачилик, автотранспортни ҳайдаб қочиш жиноятлари, айниқса, муқаддам судланганлар, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятларнинг камайишига эришилди.  15 та маҳаллада умуман  жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Шу ўринда Юртбошимизнинг “Халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш, бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас, доимий вазифамиздир” деган эзгу фикрлари асосида фаолият кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидламоқчиман. Ҳар бир маҳаллага прокуратура ходимлари  жадвал асосида бириктирилган бўлиб, хонадонларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилинмоқда. Уларнинг мурожаатлари ўрганилиб, ижобий ҳал этилишига эришиляпти.

Жорий йилда ҳам қонун устуворлиги инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили эканлигини теран англаган ҳолда жамиятимизда адолат барқарор бўлиши, юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, туманимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашларини таъминлаш борасида самарали натижаларга эришишига интиламиз.

Соҳибжон СОҲИБОВ,

туман прокурори,

адлия маслаҳатчиси

(Ушбу мақола туман прокурорининг халқ депутатлари туман Кенгашига “Тумандаги  қонунчилик  ва жиноятчилик аҳволи юзасидан ахбороти” асосида тайёрланди).

Добавить комментарий