Мамлакатимизда барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мавжуд тиббиёт муассасаларини бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадиган ҳолда таъмирлаб, тизимга янги замонавий тиббий асбоб ва ускуналарни жорий этиш билан халққа тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яна ҳам яхшилашга жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Бу долзарб жараён туманимизда ҳам босқичма-босқич изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бугун туманимиз марказидан бошлаб чекка қишлоқлар ҳудудида фаолият кўрсатаётган шифо масканларига нигоҳ ташласангиз, аввалги йилларга нисбатан анча кўркамлашиб, замонавий қиёфа касб этаётганини ҳис қиласиз.
Марказ МФЙ ҳудудида жойлашган 66-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам авваллари анча таъмирталаб ҳолга келиб қолганди. Ўтган йили мазкур муассаса давлат дастури асосида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, ўзгача кўринишга эга бўлди. “Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиши” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан сифатли ҳолда амалга оширилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларига 2,5 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.
— Аҳолига тез ва малакали хизмат кўрсатишга йўналтирилган муассасамиз Марказ, Қипчоққўрғон, Юзлар, Найман ва Баркамол авлод МФЙлар ўрамида яшовчи 19 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, — дейди поликлиника мудири Анваржон Қоратоев. — Очиғи, бир неча йиллар муқаддам қурилган эски типдаги биномиз авария ҳолатига келиб қолганлиги учун беморларнинг соғлиғини тиббий кўрикдан ўтказиш, ташҳис қўйиш ва даволаш учун деярли шароит йўқ эди. Айни пайтда ана шу муаммолар барҳам топди. Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасига юксак эътибор қаратилаётганлиги боис муассасамиз биноси сифатли таъмирланиб, иш юритиш учун қулайлик яратилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда бутунлай янги кўриниш касб этган муассасада 4 нафар малакали шифокор, 34 нафар ўрта тиббий ходим ва 21 нафар патронаж хизмати ходимлари аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Сегаза қишлоғи аҳолиси соғлиғини муҳофаза қилувчи Навоий қишлоқ врачлик амбулаторияси ҳам давлат дастури асосида 500 миллион маблағ ҳисобига мукаммал таъмирдан чиқарилди. Эътиборли жиҳати шуки, бир неча йиллар давомида поллари чириб, эшик, деразалари эскириб кетган бино янги замонавий кўринишга эга, барча қулайликларни ўз ичига олган муассасага айлантирилди. Бундан ташқари, 60 ўринли туман юқумли касалликлар бўлимида ҳам маҳаллий бюджет ҳисобидан 370 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада эса мазкур муассасада ҳам беморлар даволанишлари учун қулай шароитлар яратилди.
Бир сўз билан айтганда, юқорида тилга олинган муассасалар ўзгача кўркамлик касб этиб, кенг, ёруғ ва шинам ҳолга келтирилганлиги беморлар руҳиятини кўтариб, дарддан тезроқ фориғ бўлишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Т. МАДАМИНОВ.