Шаҳрихон тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу муаммо атрофлича таҳлил этилди
Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий жанжал ва ажримларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилишга туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, МФЙларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, имом-хатиблар ва отинойилар таклиф этилди. Уни халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М.Ғозиев очди ва олиб борди.
Дастлаб туман ҳокимининг ўринбосари хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Йўлдошеванинг кун тартибидаги масала юзасидан ҳисоботи тингланди. Унда таъкидланишича, туманда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўтган йили турмуши бузилиш арафасида турган 264 та оилани яраштиришга эришилди.
Лекин, ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2018 йил давомида оилавий ажримни қайд этиш 231 тадан 320 тага ортганлиги, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 107 тага кўпайгани жуда ҳам афсусланарлидир. Айниқса, Сўзоқ, Янги Ваҳим, Янги Найнаво, Бегбачча, Полосон, Тегирмонбоши, Қозиқўрғон, Янги турмуш, Эшонқишлоқ, Намозгоҳ, Андижонлик МФЙларда бу борада олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Оилавий ажримлар таҳлил этилганда 33 та ҳолатда эркак ҳали қонуний никоҳи бекор бўлмасдан туриб, бошқа оила қуриб олганлиги аён бўлди. Уларга ким ноқонуний шаръий никоҳ ўқиган, деган савол фаолларни ўйлантириши керак. Айрим инсонлар оталик бурчи ва масъулиятини унутиб, ажралишгандан сўнг фарзандларига белгиланган алиментни тўлашдан бўйин товлаб юрганини қандай баҳолаш мумкин? Оилаларнинг бузилиши нафақат ажралишган эр-хотин ва уларнинг фарзандлари, балки жамият учун ҳам катта зарар келтиради. Бу нохуш ҳолат натижасида нотўлиқ оилалар сони ортиб боряпти. Бу эса болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда…
Йиғилишда туман прокурори С.Соҳибов, туман бош имом-хатиби И.Турғунов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими бош мутахассиси Ж.Матмусаева, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Б.Ҳусанов, туман “Қайноналар Кенгаши” жамоатчилик тузилмаси раҳбари М.Алимовалар сўз олиб, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишга сабаб бўлувчи омилларни чуқур таҳлил этиш, можароларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онгги ва маданиятини юксалтириш, муаммоли оилалар билан алоҳида ишлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигига эришиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Танқидий таҳлил асосида ўтган йиғилишда бу борадаги келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланди. Тадбир асносида ажралиш арафасида турган 12 та оила яраштирилди.
Аббосбек ЙЎЛДОШЕВ.