ОЛАМГА МАШҲУР АСАР

Uncategorized

Жаҳон миқёсида энг нодир мемуарлардан бири сифатида эътироф этиладиган, муаллифнинг олам аро шуҳратини таъминлаган асар “Бобурнома”дир. Ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган бу қомусий асар мазмунининг чуқур ва серқатламлиги, сюжетининг кўп қирралиги, бадиий жиҳатдан баркамоллиги, ҳаётий ва илмийлиги, муаллифнинг ғоят ростгўйлиги ҳамда инсонийлигини  ўзида акс эттиргани билан кўп халқларни ром қилган адабий обидадир.

“Ҳиндистон тарихи” асарининг муаллифи, инглиз шарқшуноси Элфинсон ХIХ асрдаёқ бу ўлканинг тарихини ёзишга киришиб, кўпгина адабий, тарихий манбаларни, хроникаларни мутолаа қилар экан, “Бобурнома” уни ниҳоятда ҳаяжонга солади ва мафтун этади. У бу асар ҳақида фикр юритиб, “уни дабдабаликдан, манманликдан ҳоли, аммо, мардона услубда, жонли ва образли тарзда ёзилгани”ни алоҳида таъкидлайди (Ўзбек адабиёти тарихи. III том. 65-бет).

“Бобурнома”нинг хусусият ва фазилатлари турли мамлакатлардаги кўпгина олимлар диққатини асрлар мобайнида ўзига тортиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бу асарни ўрганиш, у ҳақда сўз юритиш, унга таяниш, бошқа тилларга таржима қилиб, оммалаштириш, шу тариқа асарнинг нусхаларини кўчириб кўпайтириш муаллифнинг ҳаётлик чоғларидаёқ бошланиб, бизнинг давргача давом этиб келмоқда.

Асар ёзилган даврда “Вақоеъ” деб номланган. Кейинчалик “Таворихи Бобурий”, “Воқеоти Бобурий”, “Воқеанома”, “Тузуки Бобурий” ҳамда “Бобурия” номлари билан юритилиб келинган. Охири “Бобурнома” номи билан машҳур бўлиб кетган.

Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асари дастлабки манбаа сифатида бу буюк ижодкорнинг шахси ва асарлари ҳақида ўқувчига анчагина маълумотларни беради.

Бугунги кунда “Бобурнома”нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари дунёнинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланмоқда. 1857 йилда Қозон шаҳрида асарнинг рус тилига ўгирилган нашрини Н.И.Ильминский, 1905 йилда Лондонда инглизча таржимасини Бевериж хоним амалга оширади. 1928 йилда “Бобурнома”дан олинган парчаларни профессор Фитрат юртимиз вақтли матбуот нашрларида эълон қилади. “Бобурнома” 1948-1949 йилларда 2 жилда чоп этилади. 1960 ва 1989 йилларда эса унинг тузатилган нашри амалга оширилади. Асар 1586 йили форс-тожик тилига ўгирилган.

ХVIII асрдан бошлаб бу асар дунёнинг кўп тилларига таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этила бошлайди. 1705 йилда шарқшунос Витсен уни голланд тилига таржима қилади ва Амстердамда чоп эттиради. 1926 йилда Ж.Лейден ва В.Эрскинлар “Бобурнома”ни инглизча тилига таржима қилиб, Лондонда нашр қилдирадилар.

1871 йилда машҳур тилшунос олим Паве де Куртейл уни француз тилига таржима қилади.

1826-1985 йиллар давомида “Бобурнома” 4 марта инглиз (1826, 1905, 1921, 1922), уч марта француз (1871, 1980, 1985), бир марта немис (1878) тилларига таржима қилинади.

ХХ асрда бу асар Рашит Раҳмати томонидан турк тилига, Михаил Салье томонидан рус тилига ўгирилиб, китоб ҳолида чоп этилади.

“Бобурнома” 1962 йилда Бобурнинг авлоди саналмиш Мирзо Насриддин Ҳайдар Кўрагоний томонидан урду тилига ўгирилади. Асарнинг Абдураҳим Хоки Хонон томонидан форс тилига қилинган таржимасини Рушан Оро Бегим нашрга тайёрлаб, 1972 йилда китоб ҳолида чоп эттиради. Кейинги йилларда асарнинг япон тилига қилган таржимаси ҳам амалга оширилади.

“Бобурнома”да (1504-1505, 1509-1510, 1518-1519, 1520-1521, 1521-1522, 1523-1524, 1524-1525) йиллардаги воқеалар тасвири йўқ. Ана шу 15-16 йил оралиғидаги воқеалар тафсилоти ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

Собиқ иттифоқ даврида мустабид тузум раҳнамолари бошқа миллатларга тарихини ўрганишга йўл қўймас эдилар. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб Бобур ҳаёти ва ижодини, хусусан “Бобурнома” асарини ўрганиш бўйича анчагина ишлар қилинди. Бу борада турли фан соҳасининг атоқли намояндалари Я.Ғуломов, В.Зоҳидов, Я.Э.Бертельс, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, Б.Валихўжаев, А.Иброҳимов, Ҳ.Ҳасанов, С.Жамолов, Сидбек Ҳасан, И.В.Стеблева, Ҳ.Назарова каби олимлар самарали меҳнат қилиб, монографиялар, рисолалар ва чуқур мазмунли мақолалар эълон қилишди.

Бадиий адабиётда ҳам Бобур ҳаётига оид бир қатор асарлар яратилди. Уларда ҳам “Бобурнома” ҳақида турли маълумотлар бўлиши шубҳасиздир.

Франциялик Флора Анна Стилнинг “Бобурхон” (Париж. 1940), Фернард Гренарднинг “Бобур” (Париж. 1930), америкалик Херолд Лембнинг “Бобур-йўлбарс” (Нью Йорк. 1961) романлари, Вамбер Гаеконнинг “Бобур ва унинг авлодлари ёхуд буюк муғуллар” (Нью Йорк. 1980) эссе- романлари яратилишида “Бобурнома” асосий манбаа вазифасини ўтаган.

Ўзбек адабиётида яратилган П.Қодиров, Ҳ.Султонов, Б.Бойқобилов ва Т.Низомларнинг роман, қисса, достонлари ҳам ўқувчида “Бобурнома” ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиради.

Адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмонов турмуш ўртоғи Янглиш Эгамова билан ҳамкорликда “Бобурнома”ни ҳозирги адабий тилимизга ўгириб, уни табдилини яратиб, бағоят савобли ишга доҳил бўлдилар. Шу табдил орқали ёш китобхонлар ҳам “Бобурнома”ни “ўқиб ўтмак, уқиб ўтмак” имкониятига эга бўлдилар.

Зокиржон Машрабов раҳбарлигида фаолият юритаётган “Бобур” халқаро жамоат фонди илмий экспедицияси Бобур бўлган ёки “Бобурнома”да тилга олинган жойларга сафарлар уюштириб, бой материалларни қўлга киритишмоқда.

Хуллас, “Бобурнома”ни ўқиш кишига маънавий озуқа бериш билан бирга, унинг тафаккурини бойитади. Шунинг учун бу асарни қайта-қайта ўқишни юртдошларимизга тавсия қилардик.

 

Бўтабой ИСМОНОВ,

меҳнат фахрийси.

Добавить комментарий