Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга оширишда Халқ қабулхоналари катта аҳамият касб этаётир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур идоранинг амалий кўмаги билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли муаммо ва ташвишлардан фориғ бўлдилар. Энг муҳими, мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани фуқароларимизнинг ҳаётдан розиб бўлиб, эртанги кунга ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Халқ қабулхоналарини мутлақо янги тизимга, сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтиши ҳақида сўз юритган эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Юртбошимизнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжатга асосан жорий йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилиниши жорий этилди. Бу янги тизимда иш юритиш давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, тегишли ташкилотлар билан мурожаатларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос механизм вазифасини ўтайди.
Президент Фармонига мувофиқ, бундан буён Халқ қабулхоналари бошчилигида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, бу идора энди фуқароларнинг мурожаатларини кутиб ўтирмайди, аксинча, уйма-уй юриб, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўяди.
Яна бир эътиборли жиҳати шуки, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати ҳам Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантирилади. Бу эса мазкур дастурларга биринчи навбатда энг оғир ва мураккаб шароитдаги аҳоли яшаш жойларини киритиш имконини беради. Ҳудуднинг аниқ кўриниши эса Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар асосида таҳлил қилинади.
Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал қилиш, оммавий ва қабуллар ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш борасидаги ишларни доимий равишда мувофиқлаштириб боради. Маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар, “намунали”, “яхши” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилган ҳолда баҳоланади ҳамда бундан буён турли дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда биринчи навбатда энг оғир ҳудудларга эътибор қаратилиб, муаммоларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг ушбу Фармони Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини янада ошириш билан бир қаторда, бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизимни йўлга қўйишда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Қодиржон МУСАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.