“ҲОКИМ ВА ЁШЛАР” УЧРАШУВИ

Ижтимоий-сиёсий
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Бугун мамлакатимизда эртанги кунимиз давомчилари бўлган ёшларга берилаётган эътиборга ҳавасингиз келади. Навқирон авлоднинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида юртимизда ўтган икки йилнинг ўзида 20 дан зиёд Қонун, Фармон ҳамда қарорлар қабул қилингани ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганидан далолат беради.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида яқинда туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов шаҳрихонлик ёшлар вакиллари билан учрашди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Самимий тарзда кечган мулоқотда туман ҳокими Президентимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида сўз юритди. Шу билан бирга, туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишда муҳим ўрин тутаётгани,  ўтган йили жамғарма томонидан туманимизда 10 нафар ёш тадбиркорга 925 миллион сўм миқдорида 7 фоизли имтиёзли кредит берилгани, бунинг натижасида 56 нафар ёш иш билан таъминлангани мамнуният билан таъкидланди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Йиғилишда туманимизда ёшлар фаоллигини янада ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайратини, билимини сафарбар этишга қодир бўлган авлодни тарбиялаш,  уларни китоб ўқишга қизиқтириш, турли ёт ғоялар, мафкуравий таҳдидлар таъсиридан сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишларига шароитлар яратиш борасидаги кенг кўламли тадбирлар жорий йилда ҳам давом эттирилиши қайд этилди.

Мулоқотда ёшлар вакиллари ўз муаммолари, таклиф-мулоҳазаларини ўртага ташладилар. Бу мурожаатларни ижобий ҳал этиш масъул ташкилотлар зиммасига юклатилди. Тадбир асносида 2018 йилда таълим, адабиёт, санъат, спорт ва тадбиркорлик соҳаларида катта ютуқларни қўлга киритган бир гуруҳ ёшларга туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Учрашувда туман прокурори С.Соҳибов, туман ИИБ бошлиғи Т.Абдужалилов, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Дадахоновлар иштирок этдилар.

 

Добавить комментарий