ТОМОРҚА – КАТТА ДАРОМАД МАНБАИ

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Томорқа-ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонларимиз тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнининг эса қиёси йўқ. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишда.

Найнаво қишлоғининг Тўлқин маҳалласи аҳолиси азалдан чорвачилик, боғдорчилик ва томорқадан самарали фойдаланиб келади. Кейинги пайтларда улар ердан йилига камида икки-уч марта ҳосил олишни ўзлаштиришмоқда. Томорқачилар помидор, бодринг, карам, саримсоқпиёз ёки картошка, сабзи дейсизми, қўйингки, озиқ-овқат маҳсулотларининг эртакисини етиштириб, бозорга барвақт олиб чиқиш пайидан бўлишяпти. Қувонарлиси, маҳалла аҳли ўз ҳар қарич ердан оқилона фойдаланишнинг ҳадисини олган.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Аббосхон Бурхоновлар хонадони бир неча йилдан буён эртаки сабзавот экинлари етиштиради. Шунингдек, 2 сотих иссиқхонада 10 туп лимон парваришланмоқда.

— Лимон кўчати остида турли кўчат, резаворлар, қулупнай каби экинлар ҳам ўстиришингиз мумкин, — дейди уй эгаси А.Бурхонов. – Бу ҳам оила бюджетига мўмайгина даромад келтиради.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, кимки ерни эъзозласа, уни боқса, у ҳам эгасини боқади. Юқоридаги сингари мисолларни ҳозир келтирмоқчи бўлган жумладан билиб олишингиз мумкин. Маҳаллада Абдуваҳоб Маллабоев, Тўланбой Нишоновлар 3 сотих иссиқхонада 1000 тупдан 2000 тупгача “Элигант” номли бодринг кўчати етиштирмоқдалар. Яна бир тадбиркор Улуғбек Ортиқов ўқитувчилик билан шуғуланишдан ташқари ўз хонадонида 18 бош қорамол боқмоқда. Фарходжон Сайфутдинов 2,5 сотих ерга саримсоқпиёз эккан. Анваржон Абдуллаев эса 92 та парранда боқади.

— Қаранг, қанча маҳалладошимиз ернинг қадрига етиб, ундан мўмай даромад олиб, нафақат ўз эҳтиёжини қондирмоқда, балки бозорларни ҳам сархил озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга ҳаракат қилади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳомиджон Усмонов. – Маҳалламизда шундай одамлар ҳам борки, улар яхшигина даромад манбаи бўлган ернинг умрини бекорга совуришмоқда. Масалан, М.Боқиев, Й.Мамажонов, А.Деҳқонов сингари маҳалладошларимиз “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида иш тутиб, мавжуд имкониятлардан ҳам оқилона фойдаланишмайди. Қарабсизки, 5-10 сотих томорқа фақат ажриқ босиб ётибди.

Бугунги кунда агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан унумли фойдаланса, экин экиш билан бирга, уй ҳайвонларини ҳам парваришласа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи тўла таъминлайди. Натижада бозордан сотиб олишга кетадиган маблағни бошқа эҳтиёжларига ишлатиш мумкин. Қолаверса, рўзғордан ортган маҳсулотни бозорга чиқарган оиланинг моддий аҳволи янада яхшиланади. Шунинг учун ҳам ҳозирда томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Маҳалламиз фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, томорқадан самарали фойдаланиш, бу орқали катта даромадга эга бўлиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Бу албатта,  ўзининг ижобий самарасини беради.

Бугунги кунда аҳолининг истеъмол товарларига, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ўсиб бораётир. Бу масала ўз навбатида дунёнинг барча мамлакатлари олдига аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда устувор вазифа қилиб қўймоқда. Мазкур муаммони ҳал қилишда аҳолининг томорқа хўжаликларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса юртдошларимизнинг турмуш даражасини янада яхшиланишига, қўшимча даромад манбаларига эга бўлишига, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришилишига, оилаларнинг моддий таъминотини яхшиланишига ва энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

А.ЙЎЛДОШЕВ

 

Добавить комментарий