НАВРЎЗ МУШОИРАСИ

Шеърият гулшани
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

СЕНИНГ МАКТУБЛАРИНГ

Дераза ортидан боқардим пастга,

Одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтар.

Йўл четида бир йигит гул кўтариб,

Соатига қараб кимнидир кутар…

 

Қалбимда уйғониб эски туйғулар,

Ҳаяжонга тўлди вужудим бирдан.

Шу йигит ёдимга солди барини

Мен ҳам бир оҳуни севгандим дилдан.

 

Аста хотиралар тушиб ёдимга,

Стол тортмасидан хатларни олдим.

Юрагим безиб, бир-бир кўз ташлаб

Узоқдан-узоқ ўйларга толдим.

 

Неча йил бўлдики, сирли мактублар,

Стол тортмасида турар ўқилмай.

Шу онгача қолди уларга битта

Ишқий, афсонавий эртак тўқилмай…

 

Баъзан, ҳаёлларим у томон кетса,

Қалбимни бир нима азоблаб тирнар.

Бевафо, ўзганинг бағрида ҳозир…

Унга ҳам ёлғондан эртаклар сўзлар.

Аббосбек ЙЎЛДОШЕВ.

 

ЧЎЛПОНГА

Юлдузлар сеҳрига маҳлиё эдим,

Осмонни этдилар бегона.

Юртим тупроғида бир гиёҳ эдим,

Юлдилар-эздилар “мардона”.

 

Кулфатим сезмади одамлар,

Чаманда булбуллар тиндилар.

Гуллар аза очиб, япроқлар

Сўлдилар, тиканлар синдилар.

 

Тунлари йиғлаган шафтоли

Юзида кўз ёши-мен эдим.

Узум қизи – япроқнинг ҳижрондан

Сарғайиб сўлиши – мен эдим.

 

Шоирим! Сиз таъриф айлаган

Шарқ қизи бахтиёр бу кунда.

Азоблар, аламлар ташланиб

Кулгулар, шодликлар кўнгилда.

 

Сиз кутган муборак кунларни

Бизга бахш айлади озодлик.

Шамолдан, қуёшдан яшнаган,

Дилларда, юзларда бор шодлик.

 

Оғриган қалбингиз заҳмини

Кўнгил малҳамим-ла аритай.

Тўкилган ёшингиз юлдуздек

Ёруғ осмонимга жо этай!

 

Меҳринозбегим МАДАМИНОВА,

59-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ИЛМ-ЗИЁ 

Пайғамбар дер: “Илм-зиё,

Зулматга нур сочувчи”.

Оналар қилар дуо

Йўлларимиз очувчи.

 

Ўқиб, илм ўрганмоқлик,

Мерос ҳар ўғил-қизга.

Илмсизлик жаҳолати,

Уят бизга, уят бизга.

 

Ўқимаган бойликни деб,

Чор атрофга югурар.

Ўқиб бўл, аҳли дониш

Қаршингда олам кулар.

 

Қаранг, юрт гўзал бу кун,

Ҳар бир ишга пешқадам.

Шундай кунда жим турмай,

Ёниб яшаб, бос қадам.

 

Илм зиёси йўлида,

Олға қадам ташлайлик!

Ўзбекистон Ватан деб,

Эл-юрт дея яшайлик!

 

Камолидин ҒОПИРОВ.

 

 

         БАҲОР

Яшил кўйлагин кийиб,

Юртимга келди баҳор.

Лолаларни, гулларни

Роса кутдик интизор.

 

Самоларни қучади

Қўлимдаги зўр варрак.

Дошқозонда қайнайди,

Қайноққина сумалак.

 

Уйимизга ин қурди,

Мен севган қуш-қалдирғоч

Баҳор гўзаллигингнинг

Барча сирларин оч.

 

Зийнатилло ШАРОФУДДИНОВ,

44-давлат ихтисослашган умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ШУКРОНА

     (игна билан ёзилган)

Омад  қуши ҳар он бошимда,

Не иш қилсам дўстлар қошимда,

Ҳаловат бор еган ошимда,

Кўзим ожиз бўлса ҳам шукур.

 

Баъзилардай қилмам маломат,

Шукур тану жоним саломат,

Шукур қилгум Аллоҳим ҳар вақт,

Кўзим ожиз бўлса ҳам шукур.

 

Кўрмасам ҳам ёруғ жаҳонни,

Кўрмасам ҳам қуёшни, ойни,

Қалбим бирла кўргим дунёни,

Кўзим ожиз бўлса ҳам шукур.

 

Юрагимда йўқдир армоним,

Кулфат келса дўслар қалқоним,

Шодлик билан ўтар ҳар оним,

Кўзим ожиз бўлса ҳам шукур.

 

Менинг бахтим тилаб доимо,

Ота-онам қилар-ла дуо,

Мададкорим Тангри таоло,

Кўзим ожиз бўлса ҳам шукур.

 

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ,

Найнаво қишлоғи.

 

 

ОНАЖОН, БАҲОР КЕЛДИ

Чаман бўлиб гуллади бодом,

Энтик қалбга бериб ҳаяжон.

Яшил тулпор минибон юртга

Баҳор келди қаранг, онажон!

 

Чуғурлашиб қайтмоқда қушлар,

Тилларида: “Ватан жонажон!”

Бахт улашиб бутун борлиққа

Баҳор келди қаранг, онажон!

 

Сиз экарсиз жамбилу райҳон,

Табиатга бахш этибон жон.

Барчамизни дилдан қувнатиб

Баҳор келди қаранг, онажон!

 

Лолаларга бурканар яна,

Мудраб ётган тепалик, сайҳон.

Биз иккимиз орзиқиб кутган

Баҳор келди қаранг, онажон!

 

Қутлуғ келиб юртга ушбу йил,

Эл юртимиз яшнасин шодон.

Мавжудотга ризқ-рўз улашиб

Баҳор келди қаранг, онажон!

 

Илҳомжон РАҲМОНОВ,

Чўжа қишлоғи.

 

      САДОҚАТ

Наҳотки, мушкулдир топмоқ истасак,

Дунёдан садоқат деган туйғуни.

Вафою садоқат жангида наҳот,

Бой бериб қўйганмиз ғанимга уни.

 

Асирга олдими хиёнат-ғолиб?

Нафсни қилдими сабрдан устун!

Садоқат туйғуси қийналар бунда,

Қадр ҳам қиммати сингани учун.

 

Боқаман тўрт томон, нелар бўлмайди,

Ўткинчи дунёга устундир кимлар.

Бир ёнда хиёнат боши осмонда,

Бир ёнда садоқат туйғуси йиғлар.

 

Нодирахон НИШОНОВА,

7-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

                                

ЎЗБЕК

 

Мардларнинг майдонига

Ор учун тушар ўзбек.

Юрагида шижоат

Бор учун тушар ўзбек.

 

Энг баланд шоҳсупани

Банд этиб қўйди ўзбек.

Мадҳиясин хорижда

Мадҳ этиб қўйди ўзбек.

 

Халқини улуғлашни

Ўргатиб қўйди ўзбек.

Фарзандлари камолин

Кўрсатиб қўйди ўзбек.

 

Ўзбек кирган давранинг

Файзи, гашти бор бўлсин.

“Улоқ”ни берма, халқим

Бахтинг барқарор бўлсин!

 

Содиқжон БОТИРОВ,

туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби услубчиси.   

Добавить комментарий