Эшик шаҳд билан очилди. Чўчиб тушдим. Яширмайман, бу даргоҳга «шоҳ ҳам, гадо ҳам келаверади». Ким нима ниятда эканлигини аввалдан билолмайсан. Бировга бир йил илгари ёзган битигинг ёқади, бошқаси тирноқ орасидан кир қидиради. Ҳаётдаги омадсизликлар, келишмовчиликлар ала-мини сиздан олувчилар ҳам топилиб туради. Начора, ҳаммасига чидаш лозим…
Остонадаги одамни аввалига маст деб ўйладим. Лекин, адашибман. Назаримда, ғам-алам уни шу кўйга солган бўлса ажабмас.
— Менга сув беринг, — деди у қаддини кўтаролмай. Аввал ўтиришга кўмаклашдим. Сўнг чойнакдан қайнатилган сув қуйиб узатдим. У чўнтагидан хапдори чиқариб, тили устига ташлади, ортидан пиёладаги сувни хўплади.
У оғир нафас оларди. Гарчи кийим-боши қимматбаҳо бўлса-да, кўриниши афтодаҳол эди. Соқоли қиртишланмабди, кўзи ҳорғин, қовоқлари осилиб турибди. Юзи, айниқса, бурун атрофларини қат-қат ажин босганди.
— Менга неча ёш берасиз, — деди у кутилмаганда ер остидан мўралаб.
— Ҳали ёшсиз, — дедим кўнглига таскин ахтариб.
— Тортинманг, айтаверинг, — у қатъий туриб, савол назари билан тикилди.
— Айтдим-ку, ёшсиз деб, — хиёл ўнғайсизландим. — Ҳар ҳолда нафақага чиқмагандирсиз?
— Топдингиз, пенсия муддатига пича бор, — у жилмайди. Юзидаги қисмат чизиқлари қуюқлашди, пешонаси тиришди, лаби ғижимлангандай хунук кўриниш олди.
— Дилимни авайлаганингиз учун раҳмат. Аммо, бўлар иш бўлди, мен … тугадим. Ҳар куни, ҳар дақиқа қозондаги ёққа солинган масаллиқ каби қовурилавериб адои тамом бўлдим. На ўнгимда, на тушимда ҳаловат бор. Менга таскин берувчилар кўп-у, таскин топувчи кўнгил йўқ. Юрагим пора-пора, қалбим вайрон. Ахир эндигина 42 ёшга кирганимга ким ишонади, ҳатто ўзим ҳам ўзимни таниёлмасам нима қилай…
У тинчланиши учун узоқ вақт керак бўлди. Тинчлангач, қалб дафтарини очди. Яхшиямки очди, зотан унинг ҳикояси, аниқроғи аччиқ қисмати кўпчилик ёш оталарга сабоқ бўлмоғи кераклигини англадим.
— Аллоҳ менга ёлғиз қиз ато этди, — дея гап бошлади у. — Гарчи бошқа фарзанд кўрмаганимга қарамай жуда бахтли эдим. Қизимнинг исми Гўзал, ўзи эса гўзалларнинг гўзали эди. Уни еру кўкка ишонмасдим. Юқори синфдан сўнг академик лицейда ўқий бошлаганида, доимий ҳамроҳига айландим. Ёнига ўспирин бола тугул, дугоналарини яқин йўлатгим келмасди. Очиғи, ҳаммадан қизғанардим.
Ҳали ўқишини битирмасидан унга юқори мартабали, ҳамма соясига салом берадиган акахон хонадонидан совчи келди. Ишонинг, мен бошимга шундай бахт қуши қўнишини сира кутмагандим. Чунки, мен жамиятда ўртамиёна раҳбарлар қаторида эдим. Ҳурматли зот эса… Албатта, совчилик-ка ўзи келмади, аммо обрўли, мартабали кишиларни юборди.
— Биз у хонадонга тенг эмасмиз! — дарров гапни чўрт кесди хотиним. Шу тобда у кўзимга душмандай кўринди. Тезда чакагини босдим, уни калтафаҳмликда айбладим.
Розилик берганимдан кейин Гўзал оёқларимга йиқилиб йиғлади. Бўлажак куёв ҳақида ёмон гаплар эшитганини айтди.
Аммо, менинг кўзим кўр, қулоқларим кар эди. Қолаверса, «Қизларнинг ҳаммаси ҳам шу-да», деб ўйладим.
Тўйдан аввал маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассиси йўлимни тўсди:
— Қизингизни унаштиряпсиз экан, ахир у ҳали жуда ёш-ку! Бунинг устига ўқишини ҳам тамомлагани йўқ. Эшитишимча, ёшлар шифокор кўригидан ҳам ўтишмабди. Унинг бунақа гаплари ҳақоратдай эшитилди.
— Ўйлаб гапиряпсизми? — дедим хаёлим аллақаёқларга учиб.
Шундай қилиб тўй ҳам ўтди. Куёв чиройли, қош-кўзи қоп-қора, баланд бўйли йигит экан. Ўртадаги гап-сўзларга қулоқ солмаганимдан, аҳдимда қатъий турганимдан севиндим.
Орадан бир ой ўтиб-ўтмай қизалоғим оғриб қолди. «Ҳа энди, келинлик даври оғир кечибди-да», деб ортиқча эътибор бермадим. Афсуски, унинг боши шифохонадан чиқмай, кўнглимда ғашлик уйғонди.
— Болангизни СПИД марказидан келиб текшириб кетишибди, — деди аҳли аёлим титраб-қақшаб.
— Ҳозир чолларни ҳам назоратда ушлаб туришибди, — дедим уни юпатишга уриниб. Аслида ўша тобда ўзим ҳам юпанчга ташна эдим.
Ташҳис натижаларини билиш учун марказга бордим. Афсуски, қанчалар уринмай, ҳақиқатни билолмадим. Кўнглим оғир нохушликдан дарак берарди. Назаримда, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйганлигимни англагандек эдим.
Мағрур вa виқорли қудагинам «чурқ» этмасди. Қизим эса офтобда қуриган гул каби кундан-кунга сўлиб борарди. Энди шу чоққача кўзимга тик боқмаган хотиним бошимда ёнғоқ чақар, таъна-ю маломатлар ёғдирарди.’
Бир куни қизимни шошилинч шифохонага ётқизишди. Касалхона саҳнида қудам билан тўқнаш келдим. Илк бора у кўзимга илон каби кўринди. Қани энди, томоғидан бўғиб, хуморимни ёзсам. Юзига тупургидай важоҳатим бор эди. Аммо, у бир гап билан устимга совуқ сув қуйгандай бўлди:
— Виждонсиз, нега қизингни қўш қўллаб узатдинг, десам, ичидан емирилиб, тугаган экан-да!
Ишонинг, кўз ўнгим қоронғулашиб, ўзимни йўқотдим. Тупугим оғзимда қолди. У қоп-қора хизмат машинасига ўтираётганда ҳамшира қиз мени шошилтирди.
Қизим жон талвасасида мендан кўз узмай, нажот кутарди. Йўқ, у нажот кутиш вақтидан ўтган экан. Унинг кўзлари дунёдан очиқ кетибди. Гўзалимнинг қўлларидан маҳкам ушлаб «Қизим, сенинг қотилинг менман, сени ўз қўлларим билан ўлдирдим», дея олдим, холос.
Кўзимнинг оқу қораси, еру кўкка ишонмаганим совуқ тупроққа кўмилганини эсласам, оламдаги энг бахтсиз ота эканлигим ёдимга тушади. Қизим-ку, бир нафасда ўлиб кетди, мен эса ҳар тонг тирилиб, ҳар соатда ўламан…
Қудам бошқа ишкаллик билан ишдан кетгач, ўғли ўша бедаво касалликка чалинганлигини, Аллоҳнинг қаҳрига учраб, ўлолмай юрганини билдик. Агар ўшанда маҳалла мутахассисининг гапига кирганимда, эҳтимол бугун набираларимни қучоғимга олиб, бахт-саодат деган тушунча ҳам борли-гини юракдан ҳис қилиб яшаётган бўлармидим.
Унинг қўллари қалтираб, яна дори қидирди. Мен эсам яна бир ҳасратни юрагимга ўйиб ёзиб, ўқ еган қуш каби қанот ёзолмай, ғамгузорга ҳамдард бўлолмай, карахт ҳолатга тушиб қолгандим.
Абдумутал АБДУЛЛАЕВ.