“Амир Темур ўгитлари”да шундай фикрлар бор: “Китоб-барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Дарҳақиқат, китоб билим калити, катта маънавий озуқадир. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини оширишга катта аҳамият қаратмоқда. Бу борада мунтазам равишда турли танловлар, адабий кечалар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани, уларда келажагимиз эгалари фаол иштирок этаётганлари жуда ҳам қувонаридир.
Орамизда ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида жонбозлик билан меҳнат қилаётган фидойи инсонлар талайгина. Улардан бири туманимизнинг Юзлар маҳаллада яшовчи Фаридахон Маматисақовадир. Бу жонкуяр инсон зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Мирзаҳаким Ғозиев (марҳум) куп йиллар 31-мактабда ёшларга физика-астрономия фанидан сабоқ берган, шу билан бирга, санъатнинг чин шайдоси эди. Онаси Қумрихон опа оддий чевар бўлсада, жуда кўп китоб ўқирди.Амакилари ҳам педагог, муҳандис сифатида эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлишган. Оиладаги мана шундай муҳит Фаридахонда болалигидан илм-фанга катта қизиқиш уйғотган бўлса ачап эмас. У ўз қишлоғидаги 22-мактабда таҳсил олди. Уни тамомлагач, 1985 -1988 йилларда Бўз педагогика билим юртида ўқиди. Ўз меҳнат фаолиятини 31- мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлади. 1995 йилдан буён эса 22 -мактабда муаллимлик қиляпти. Ишдан ажралмаган ҳолда Андижон Давлат Университетини тамомлаб, олий маълумот олди.