Туман прокуратураси томонидан Шаҳрихон қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш юзасидан маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Унда 2-сектор ҳудудидаги ўрта махсус ўқув юртлари ва умумтаълим мактабларида ташкил этилган ёшларнинг тасвирий санъат, адабиёт, нотиқлик, бошловчилик, актёрлик соҳаларида иқтидорларини намоён этишларига йўналтирилган тўгараклар фаолияти намойиш этилди. Бу йўналишдаги тадбирларда маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг ҳам фаол иштирок этаётгани қувонарлидир.
Тадбир асносида коллежлар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг футбол тури бўйича қизиқарли мусобақа ташкил этилди. Унда 10 та жамоа ўзаро беллашди. Муросасиз ўтган баҳсларда Назармаҳрам маҳалласининг “Лочинлар” жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Шунингдек, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар уюштирилди. “Мен ўқиган бадиий китоб” мавзусидаги акция доирасида ташкил этилган адабий кеча барчада катта қизиқиш уйғотди. 5-ташаббус бўйича ёшларга тумандаги бўш иш ўринлари, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга банклардан имтиёзли кредит олиш ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича батафсил маълумотлар берилди. Бу борада катта ҳаётий тажрибага эга тадбиркор ва ҳунармандларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси барчага манзур бўлди.
Бир сўз билан айтганда, бундай тадбирлар ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, мустақил ҳаётда ўз ўрниларини топишлари учун кўмаклашишга хизмат қилади.
И.ЯКУБОВ, туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.