ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Жамият

“Шаҳрихон” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Соғлом оила – соғлом жамият гарови” лойиҳаси доирасида “Энг яхши мақола” ва “Энг яхши иншо” бўйича танлов эълон қилган эди.

Яқинда “Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрихон автомобиль мактабида мазкур танлов якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда ижодкорлар иштирок этдилар. Тадбирни газета муҳаррири, лойиҳа раҳбари М.Ғозиев очди ва ўтган бир йил мобайнида мазкур лойиҳа асосида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Йўлдошева, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари Б.Маҳмудов, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Б.Ҳусанов, туман “Саломатлик маркази” бўлим мудири О.Ўриновлар сўз олиб, “Соғлом оила – соғлом жамият гарови” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган тадбирлар, газетада чоп этилган материаллар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани, ўтган давр мобайнида эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳларга йўл қўйилмагани, бундай тадбирлар оилаларни янада мустаҳкамлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Шундан сўнг, танлов якунлари эълон қилинди. “Энг яхши мақола” номинациясида 1-ўрин журналист Абдумутал Абдуллаевга берилди. 2-ўрин ёш ижодкор Аббос Йўлдошев, 3-ўрин шифокор Мухтасархон Расуловаларга насиб этди. “Энг яхши иншо” йўналишида 3-сон академик лицей ўқувчиси Моҳинур Неъматжонова 1-ўринни эгаллади. 2-ўринни шу муассаса ўқувчиси Абдураҳим Абаралиев, 3-ўринни эса Шаҳрихон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилноза Эргашевалар қўлга киритдилар.

Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

И.Худойбердиев.

Добавить комментарий