БЕШ ТАШАББУС БИЛАН – КЕЛАЖАК САРИ

Ўзбекистон

Шаҳрихон туманида ҳам “Ёшлар ойлиги” доирасида кўплаб маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Яқинда “Беш ташаббус билан келажак сари” шиори остида ташкил этилган фестиваль ҳам шаҳрихонлик ёшларга олам-олам завқ-шавқ улашди.

Дастлаб талабалар, ўқувчилар, уюшмаган ёшлар иштирокида узоқ масофага югуриш марафони ҳамда сузиш мусобақаси бўлиб ўтди. Унда минг нафардан зиёд навқирон авлод вакиллари иштирок этдилар.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш мақсадида туман маданият ва истироҳат боғида уюштирилган тадбир ҳам жуда қизиқарли ўтди. Туманимизнинг асл устазода   ҳунармандлари ўзлари тайёрлаган ранг-баранг маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этдилар. Тадбир иштирокчиларига пичоқчилик, кандакорлик, бешикчилик, темирчилик, дўппидўзлик, косибчилик каби ҳунар турлари, халқ амалий санъати бўйича тушунчалар берилди. Шу билан бирга, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ёшлар ҳам ўз маҳоратларини кўрсатдилар. Катта ҳаётий тажрибага эга тадбиркорлар ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар учун маҳорат дарсларини ўтдилар.

Фестиваль доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодларини юзага чиқаришга хизмат қилишга йўналтирилган ташаббус бўйича туман маданият марказида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимиздан ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари – таниқли санъаткорлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари, ижодкорлар иштирок этдилар. Марказда ташкил этилган мусиқа, театр, санъатнинг бошқа турлари бўйича фаолият кўрсатаётган  тўгараклар аъзолари томонидан тайёрланган бадиий дастур Миродил Ҳакимов, Муҳайё Тожиматова каби санъаткорларнинг чиқишларига уланиб кетди. Туманимизнинг истеъдодли ёшлари иштирокида тайёрланган гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларини акс эттирувчи саҳна кўриниши барчада катта таассуротлар қолдирди.

— Бугунги фестивалда кўплаб тенгдошларим билан фаол иштирок этдик, — дейди Ҳасанбой Ҳамдамов. – Узоқ масофага югуриш мусобақасида 1-ўринни эгаллаганимдан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус биз ёшларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишимизга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Фестиваль якунида спорт мусобақалари ва бошқа лоиҳаларда фаол иштирок этган ёшларга туман хокимлигининг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий