“ФУТБОЛ-ШОУ” мухлисларга олам-олам завқ-шавқ улашди

Ўзбекистон

Ўтган якшанба куни Шаҳрихон тумани марказий стадиони мухлислар билан гавжум бўлди. Бу ерда  беш ташаббус ижроси доирасида  “Футбол-шоу” ташкил этилди. Тадбир аввалида туман ҳокими Ҳ.Дадахонов юртимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар, бу борада туманимизда рўй бераётган қувонарли ўзгаришлар хусусида сўз юритди.

Кўнгилочар томошаларни таниқли сўз устаси Ғайрат Аҳмедов ўзининг ичакузди ҳангомалари билан бошлаб берди. “Ўзбекконцерт” вилоят бўлими санъаткорлари Ислом Биллур, Феруза Зайнобиддинова, Бахтиёр Қўзиев, Дилмурод Ўсаров ҳамда Рустам Исақовлар ўзларнинг шўх ва дилтортар қўшиқлари билан томошабинларни хушнуд этдилар.

Шундан сўнг тадбирнинг энг орзиқиб кутилган, ҳаяжонли онларига старт берилди. Шу куни Шаҳрихоннинг “Раш-милк” жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” клуби билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Туманимиз футбол жамоасини шинавандалар катта олқиш ва қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб турдилар.  Ўз навбатида “Раш-милк” мухлисларини хушнуд этди. Жамоамиз  2:0 ҳисобида фарғоналикларни мағлуб этдилар.

Тадбир асносида ҳар икки жамоага туман ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Шу куни ҳамюртларимиз ўйингоҳдан олам-олам қувонч ва унитилмас таассуротлар билан қайтдилар.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий