Шаҳрихонда ҳам энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб кутиш олишга пухта тайёргарлик кўрилди. Туманимизнинг барча қишлоқ ва маҳаллаларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Истиқлол йилларида туманимиз таниб бўлмас даражада чирой очди. Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий турар жой массивлари, кенг ва равон йўллар, янги савдо мажмуалари, кўркам таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари қад ростлади.
Шаҳрихонликлар мустақиллигимизнинг 28 йиллик шодиёнасини барча соҳаларда катта ютуқлар билан қарши олдилар. Туманимиз фермерлари жорий йилда пиллачилик ва ғаллачиликда улкан марраларни забт этдилар. Пахтакорларимиз ҳам мўл ва сифатли ҳосил етиштириб, белгиланган шартнома режаларини ортиғи билан уддалашга аҳд қилганлар.
Бу йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қўрғонча, Полосон, Навбаҳор маҳаллаларида ободончилик, бунёдкорлик ишларига киришилган. 8-, 30-, 40-, 45-, 63- умумтаълим мактаблари, 8-, 24-, 38-, 40-мактабгача таълим муассасалари, 1-туғуруқ комплекси капитал реконструкция қилиниб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. Шунингдек, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникасида қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътибори, вилоятимиз ҳокимининг саъй-ҳаракати билан туманимизда янада кенг кўламда бунёдкорлик, қурилиш ишлари бошланди. Туманимизнинг барча маҳаллаларида янги сув қудуғи қуриш, трансформатр, бетон таянчлар ўрнатиш, ичимлик суви, электр тармоғи тортиш, кўчаларга асфальт ва шағал ётқизиш ишлари амалга ошириляпти. Шунингдек, қўшимча равишда 4 та мактаб, 5 та мактабгача таълим ташкилоти, 4 та шифохона, 2-туғуруқ комплекси, 21 та дафн этиш жойларида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун 200 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга туманимизнинг бир қатор қишлоқ ва маҳаллаларида ўнлаб савдо, маиший ва бошқа сервис хизмати кўрсатиш объектлари бунёд этилди. Уларнинг ҳар бири туманимиз кўркига кўрк қўшганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Мустақиллик куни тантаналари туманимизда кенг нишонланди. Туман марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган асосий байрам шодиёнаси юртдошларимизга чексиз қувонч ва шодлик бахш этди.
Байрамона безатилган, янгича қиёфа касб этган ўйингоҳда ўтказилган тадбирга нуроний отахон ва онахонлар, туман фаоллари, ёшлар вакиллари таклиф этилди. Тантанада туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов сўзга чиқиб, мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, истиқлол йилларида халқимиз эришаётган улкан ютуқ ва марралар, онгу тафаккуримизда,
ҳаётимизда рўй бераётган туб ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида сўз юритди ва барчани қутлуғ айём билан табриклади.
Шундан сўнг туман маданият бўлими қошидаги “Чашма” ашула ва рақс, “Сайқал” фольклор-этнографик ансамбллари санъаткорлари томонидан тайёрланган байрам концерти намойиш этилди. Ҳаётимиз қувончи бўлган жажжи болажонларнинг, турли спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритаётган иқтидорли спортчиларнинг чиқишлари байрам қатнашчиларига олам-олам завқ-шавқ улашди. Айниқса, Отабек Муҳаммадзоҳид, Миродил Ҳакимов, Тохир Шокиров, Ихлосбек Жўраев, Акмал Садихонов каби таниқли эстрада хонандалари томонидан ижро этилган Ватан, ёшлик ва севги-муҳаббатни мадҳ этувчи қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
— Бугунги шодиёнада туман аҳлининг кўтаринки кайфиятини кўриб, очиғи жуда ҳам хурсанд бўлдим, — дейди меҳнат фахрийси Мўйдинжон Ёқубов. – Истеъдодли ёшларимизнинг чиқишлари, биз кексаларга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромдан жуда ҳам мамнун бўлдик.
Хуллас, шу куни мустақиллик байрами тантаналари оқшомга қадар давом этди. Тадбир мушакбозлик билан якунланди.
Байрам нашидаси барча таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналар ҳамда маҳаллаларда давом этмоқда.
М.Ғозиев.