Бу оламда ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У яшаётган жамият, тарбия бераётган инсонлар, унинг дунёқарашига таъсир эта оладиган бошқа омиллар ўз мақсадига эга бўлган оилапарвар шахс ёки разолат йўлини тутган гумроҳ бўлиб шаклланишига сабаб бўлади.
Жиноят содир этган инсонни жазолаш ёхуд бошқа бундай номаъқулчиликка ундаш эмас, балки уни аввалданоқ жиноятчиликка қарши руҳда тарбиялаш даркор. Зеро, Абдулла Авлоний бобомиз айтганидай: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё фалокат, ё ҳалокат, ё саодат масаласидир”.
Болани ёш ниҳолга қиёслаймиз. Агар у қунт билан парвариш қилинса, тўғри ўсиб, кутилган натижани беради. Инсон ҳам худди шундай: вақтида берилган тарбия ва меъёрида улашилган меҳр унинг мазмунли ҳаётига пойдевор бўлади. Беэътиборликнинг маҳсули бўлган бебош фарзанднинг онгидаги бўшлиқ вайронкор ғоялар билан тўлса, у жиноят содир этиши мумкин. Жиноят олами ботқоққа ўхшайди, унга билиб-билмай қадам қўйган инсонни ўз домига тортиб кетади. Жиноят оламига олиб борадиган йўллар талайгина, аммо уларнинг манзили — бир. Ўша-ботқоқ.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларга қайсидир маънода сабаб бўлаётган қўштирноқ ичидаги “катта одамлар” билишмайдики, ўзлари ўша бебошларнинг йўлбошчиларидир. Фарзандини меҳрибонлик уйига ташлаб кетаётганлар, сиз бу ерга олиб келган МЕҲР аталмиш ниҳолдан кунлар келиб ҚАҲР деган дарахт униб чиқишини асло унутманг!
Ёш бола-бамисоли оппоқ қоғоз. Унга яхши нарсалар битиш ҳам, ёмон сўзлар ила доғ тушириш ҳам мумкин. Мурғак қалб эгаларининг бебошлик билан жиноят аталмиш боши берк кўчага қадам босиб, ҳаётнинг энг ширин онлари бўлган болаликка “Алвидо” дейишларига асло йўл қўйманг, азиз инсонлар. Фарзандга гўдаклик чоғиданоқ оқ қоғозга сержило сўзлар ила шеър битгандек, асл фазилатларни ошно қилинг. Майли ҳали ёшда, деманг, эртага деманг. Тарбия учун сўнги чегара айни дамда. Ҳозир бошланг…
Лайлохон АБДУЛҲАМИДОВА,
44-ИДУМ 11- синф ўқувчиси.