ҲИСОБГА ОЛИШ УСКУНАЛАРИНИ ҚИЁСЛАШ ДАВРИЙЛИГИ ЎЗГАРДИ

Ижтимоий-сиёсий

Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналари билан боғлиқ ғавғолар, давлат идоралари олдидаги турнақатор навбатлар, билиб-билмай қиёслаш муддати ўтиб кетган ҳисоблагичлар ортидан тўланадиган жарималар кўпчиликка ташвиш келтираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ҳаётимизда учраб турадиган, одамларнинг чиндан-да меъдасига теккан шу каби масалаларни   ечиш учун баъзан вақт тополмаймиз. Бунинг ортидан эса бир қатор муаммо ва асаббузарликлар эргашиб келишини билсакда, бари бир эътиборсизлигимиз биз учун қимматга тушарди.

Энди, бундай бўлмайди. Бунинг боиси, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги қарорига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Мазкур тартибга асосан 1 ноябрдан бошлаб, ушбу йўналишдаги хизматлар кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Шу кунгача аҳоли ёки юридик шахслар ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича тўғридан-тўғри таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналарга мурожаат қиларди. Бу эса баъзан бир қатор ноқулайликлар, сарсонгарчиликларни келтириб чиқараётганди.

Эндиликда, ҳар қандай шахс ёки унинг вакиллари давлат хизматлари марказларига ўзи келиб, шунингдек, my.gov.uz портали орқали электрон тарзда мурожаат этиш билан ушбу хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Бу жараёнда ҳудудий электр тармоқлари, газ, сув, иссиқлик таъминоти корхоналари тегишли ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечилган ҳисобга олиш ускуналарини “Ўзстандарт” агентлигининг давлат метрология хизмати органларида қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларини талабгорлар иштирокида амалга оширилишини таъминлайди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари барча жараёнларда бу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, ҳисобга олиш ускуналарига тамға (пломба) қўйишни амалга оширади.

Метрология хизмати эса ечилган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга масъул ҳисобланади. Бунда  ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги ҳамда тегишли автоматлаштирилган тизимга мос келадиган ҳисобга олиш ускуналаридан фойдаланиш шартлиги белгилаб қўйилган.

Аҳоли ва юридик шахсларга юқоридаги хизмат турларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари томонидан тегишли таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналар, Мажбурий ижро бюроси ҳамда метрология хизмати ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, 1 ноябрдан бошлаб, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги ҳам ўзгарди. Эндиликда жисмоний шахслар учун ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш даврийлиги 8 йил, юридик шахслар учун 4 йил этиб белгиланди. 2019 йил 1 ноябрга қадар расмийлаштирилган қиёслаш сертификатларининг амал қилиш муддати эса ўз кучида қолади.

Кўп ҳолларда фуқароларимизнинг бефарқлиги  ёки тегишли таъминотчи корхоналарнинг огоҳлантирмагани боис, ҳисоблагичларнинг қиёслаш муддати ўтиб кетарди. Натижада бир қатор оворагарчиликлар, ҳатто жарима тўлаш ҳолатлари ҳам учраб турарди. Мазкур регламент талабларига кўра, бундан буён тегишли таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналар ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгор (жисмоний ва юридик шахс)ни ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.

Талабгорнинг таъминотчи ташкилот томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди.
Ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган хизмат учун ҳисоб-китоб Мажбурий ижро бюросини хабардор қилган ҳолда, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тартиб нафақат халқимизга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш, балки одамларнинг қимматли вақтини тежаш, юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Э.ҚОСИМОВ,
туман давлат хизматлари маркази директори.

Добавить комментарий