Педагогларнинг ўз маҳоратларини мунтазам ошириб боришлари, тинимсиз изланиб-ишлашлари бугунги кун талаби. Бу борада кўп китоб ўқиш, замонавий педагогик технологияларни ўзлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, илғор муаллимлар иш услубларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳрихон туманидаги 14-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Барнохон Отахонова яқинда қўшни 15-мактабнинг 4-синфида маҳорат дарси ўтиб берди. Изланувчан ўқитувчи дарс давомида ахборот коммуникация технологияларидан, “Рақамлар сўзлаганда”, “Давом эттир”, “Сўз топ” каби таълимий ўйинлардан самарали фойдаланди. Дарс давомида ўқувчилар Бобурийлар ва Навоийлар гуруҳига бўлиниб, жараён ўзаро баҳс-мунозара тарзида давом эттирилди. Бу эса ўз навбатида ўқувчиларнинг қизиқишларини янада оширди.
— Юртимизда комил инсонни тарбиялашда бошланғич таълим пойдевор вазифасини ўтайди, — дейди жонкуяр муаллима Б.Отахонова. – Шунинг учун ҳар дарсга пухта тайёргарлик кўришга интиламан. Аждодларимиз қолдирган бетакрор асарлардан, замонавий педагогика технологияларидан фойдаланиш болаларни билим олишга иштиёқини оширади, уларнинг дунёқарашини, маънавиятини янада бойитади.
Маҳорат дарси мактаб педагогларига ҳам манзур бўлди.
Рустамбек АРАББОЕВ.